Ссылки доступа

Хитой Қирғизистонга 50 миллион юань миқдорида беғараз ёрдам қилади


Маълум бўлишича, Хитой томони Қирғизистонга коронавирусга қарши қўшимча 5 миллион доза вакцина ва хавфсизлик учун беғараз ёрдам сифатида 50 миллион юань беришга қарор қилган.

Бу ҳақда 6 февраль куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўртасидаги учрашувда маълум қилинди.

Икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва истиқболларини, йирик қўшма лойиҳаларни молиялаштиришни муҳокама қилдилар.

Си Цзиньпин Садир Жапаровнинг Қирғизистон-Хитой ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари ривожланиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, у Садир Жапаров раҳбарлигида Қирғизистонда катта сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, коррупцияга қарши қаттиқ кураш олиб борилаётганини таъкидлади.

«Хитой Қирғизистон учун доимо ишончли дўст ва қўшни бўлган ҳамда шундай бўлиб қолади. Умид қиламанки, алоқалар икки халқ манфаати йўлида мустаҳкамланиб бораверади», — деди Си Цзиньпин.

Хитой раҳбари, шунингдек, Қирғизистондан экологик тоза маҳсулотлар харид қилиш ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, у пандемия билан боғлиқ чекловларни ҳисобга олган ҳолда парвозларни босқичма-босқич қайта тиклаш ва юк ташиш ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади. У “Торугарт” ва “Иркештам” назорат-ўтказиш пунктларининг ўтказиш қобилиятини кенгайтириш ҳақида ҳам эслади.

Си Цзиньпин Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш ва уч давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, бу бутун Марказий Осиё учун муҳим эканини айтди.

Ўз навбатида Президент Садир Жапаров Қирғизистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда икки давлат ўртасида «Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома» имзоланганининг 20 йиллигига тўғри келаётган ушбу учрашувнинг ўзига хос хусусиятларини қайд этди.

Президент Қирғизистон томони Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга оширишдан ҳам манфаатдор эканини айтди.

Шунингдек, Қирғизистон томони Хитой компаниялари билан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишдан манфаатдор бўлган қатор лойиҳаларни таклиф қилди. Бу энергетика соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда АҚШ доллари капиталига эга Қирғизистон-Хитой сармоя фондини яратиш.

Учрашув сўнггида Садир Жапаров Си Цзиньпинни Қирғизистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф қилди.

XS
SM
MD
LG