Ссылки доступа

Президент “гулхан”и ва кафолат хати. Андижондаги мактаб директорлари пора олмасликка қасамёд қилмоқда


Андижон вилоят, Бўстон тумани 11-мактабда "Гулхан" базми.

Озодлик билан суҳбатлашган ўқитувчилар президент ваъда қилган 1000 долларлик маош “олисда милтираб турган хира юлдуз” эканлигини айтар экан, бундай зўрма-зўраки тадбирлардан чарчашгани, маошлари эски ҳолида турганини таъкидламоқда.

Андижондан 4 февраль куни олинган сўнгги хабар мана бундай:

“Андижон шаҳар 41-мактаб директори 3 февраль куни кечи пайт соат олтиларда 500 доллар пора олаётганда қўлга тушди. Шундан сўнг шошилинч равишда мактаб директорларидан вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов номига “кафолат хати” олиш буюрилди. Мен ўзим ҳам шундай хат ёзиб бердим!”

Директорнинг айтишича, у виждонан ишлашга, ҳеч қачон пора олмасликка қасамёд қилиб хат ёзиб берган.

Андижон шаҳридаги бошқа бир мактабнинг исми сир қолишини сўраган директори ҳам бу хабарни тасдиқлаб, истеҳзоли кулди:

“Энди биздаги бундай масхарабозликларни ўзингиз яхши биласизку. Кимгадир кўрсатиш учун, чора кўрдим дейиш учун бунақа хатлар доим ёзилади. Бу кафолат хатларининг бир тийинлик қиймати йўқ, ичида нима ёзилганини жин ҳам ўқимайди. Мен пора оламан деб ёзиб қўйса ҳам биров ўқимайди”.

Бу мактаб директори шу кеча-кундузда Андижон мактабларида урф бўлаётган кечаси гулхан ёқиш анъанасига ҳам ўз муносабатини билдирди.

Мактаб раҳбарларининг вазифаси маҳалладаги уюшмаган ёшлар учун кечаси соат 9дан 10гача дискотека ташкил қилиш.

Андижон тумани ХТБ мудири тасдиқлаган “тадбирлар жадвали”да бу аниқ кўрсатилган.

Директорнинг айтишича, президентнинг мажозий маънода айтган гапини тўғри маънода қабул қилиш натижасида гулханбозлик авж олди:

“Инсонда онг деган нарса бор. Ҳамма гапни тўғри қабул қилмайсизда. Тўғри маънода айтиляптими ёки рамзий маънодами, фикрлаб кўрасиз. Масалан бошим айланяпти, деса боши 360 градусга айланиб кетмайдику. Бу ерда ҳам худди шундай ҳолат бўлган. Президент селектор йиғилишида “мактабда гулхан ёниб турсин”, яъни доим қайнаб турсин, жўшқин бўлиб турсин деган экан. Буни селекторда қатнашган танишим айтди. Энди, бизда нима бўлди, мактабда гулхан ёқасан, унинг атрофида шеърхонлик қилиб ўйнайсан, деган гап бўлиб кетди. Мана, аҳволни кўриб турибсиз. Ҳамма ишдан кейин яна мажбуран мактабга бориб гулхан ёқиб ўйнаган, уни ижтимоий тармоқларда тарқатиб, президентни айтганини қиляпмиз деган. Ахир бу кўзбўямачиликнинг ўзику”.

Мактаб директорининг айтишича, вилоятдаги барча мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига ҳар куни соат 22.00гача мактабда қолиш мажбурияти юкланган.

Бу Андижон вилоятида сўнгги кунларда трендга чиқаётган биринчи ҳодиса эмас.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода 20дан ортиқ мактаб ходимининг қишки кийимда, мактаб ҳовлисида колумбиялик қўшиқчи Шакиранинг Waka-Waka ашуласига эрталабки бадантарбия қилаётгани акс этган.

Видео Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги 1-ИДУМда олингани аниқланди.

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ва ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлаётган фикрларга ўз муносабатини билдирар экан, Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов мурожаат билан чиқди гуруҳлардаги расмларни тарқатаётган ўқитувчиларни «гап ташиш» ва «ғийбатчилик»да айблади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2020 йил, мустақилликнинг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ўқитувчиларнинг ойлиги 1000 долларга етказишга ваъда берган эди.

Аммо орадан икки йил ўтаётган бўлса-да, ўқитувчиларнинг маошида жиддий ўзгариш кузатилмади.

Андижонлик ўқитувчининг айтишича, бугунги кунда тоифаси мавжуд бўлмаган педагог бир ставка дарсига солиқлари чегирилмаган ҳолда икки миллион уч юз минг сўмни ташкил этади. Қўлга оладиган даромади қарийб 200 АҚШ долларига етади.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигига ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги берган маълумотига кўра, энг кам ойлик олувчилар қаторида ўқитувчилар ва шифокорлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG