Ссылки доступа

Туркманистонда диндорлар сўроққа чақирилмоқда


Мечеть, Ашхабад (иллюстративное фото) 

Мари вилоятида Миллий хавфсизлик вазирлиги (МВХ) ходимлари диндорлар устидан назоратни кучайтирди. «Озодлик» радиоси мухбирининг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари уйларида диний адабиёт сақлаганликда гумон қилинганларни чақириб, сўроқ қилмоқда.

Терговга чақирилганларнинг айтишича, чақириб сабаби сўралганда, куч идоралари уларни қора рўйхатга киритилганини сабаб қилиб келтирган.

«Биз улардан нега бизни қора рўйхатга киритишганини сўрадик. Ўтган йилнинг ёзида Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари уйларимизда тинтув ўтказиб, сўроқ пайтида ваҳҳобий эмаслигимиз исботи сифатида бизни ароқ ичишга мажбур қилишганини, ичмаганлар эса қора рўйхатга тушганини айтишди», — дейди сўроқ қилинган диндорлардан бири.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойида «Озодлик» радиосининг Мари ва Лебап вилоятидаги мухбирлари диний китобларга эгаликда гумон қилинганлар сўроқ ва тинтувга учрагани ҳақида хабар беришган эди.

Ўшанда мухбирларимиз Миллий хавфсизлик вазирлигининг маҳаллий бўлими ходимлари диндор ва тақводор деб топилган одамларнинг хонадонларида Қуръондан бошқа диний китоблар сақланмаслигини талаб қилганини айтишди.

Сўроққа чақирилган йигитларнинг маълум қилишича МХВда уларни суратга олишган. Шунингдек, Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари уларнинг хонадонларига ташриф буюрганидан сўнг, уйда мавжуд адабиётлар ва уларнинг оила аъзолари қанчалик тез-тез намоз ўқиши билан қизиққан.

Туркманистон ҳукумати ўз фуқароларининг диний эркинлигини кескин чеклаётгани учун халқаро ҳуқуқ фаоллари томонидан танқид қилинган. Мамлакат расмийлари диндорларга нисбатан босимлар ҳақидаги хабарларга расман изоҳ бермаяпти.

Ўтган март ойида «Озодлик» радиосининг Маридаги мухбири расмийлар вилоятнинг бош масжидига бостириб кириб, у ерда Меърож кечаси шарафига намоз ўқиш учун йиғилган мусулмонларни ҳайдаб юборишганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG