Ссылки доступа

Қозоғистон: Январь воқеалари бўйича комиссия раиси “қийноқлар жуда кўпайган”идан баҳс этди


Қозоғистонда январь воқеалари бўйича суриштирув олиб бораётган “Ақиқат” (“Ҳақиқат”) жамоатчилик комиссияси раиси адвокат Айман Умарова мазкур воқеалар юзасидан тергов бошланганидан сўнг “қийноқлар жуда кўпайган”ини айтди.

“Бошқа пайтларда бунча иш бўлмайди, шу боис қийноқлар ҳақида биров билиб, биров билмай қолади. Чунки бунақа ишлар яширинча қилинади-да. Январь воқеаларидан кейин эса бу оммавий тус олган”, деган Умарова маҳаллий Tengrinews сайтига берган интервьюсида.

Интервью 7 февралда эълон қилинган, бир неча кун олдин эса ҳукумат номутаносиб куч ишлатиш ва терговни юритишнинг ножоиз усулларидан фойдаланиш ҳоллари “бўлган бўлиши мумкин”лигини тан олганди.

Умаровага кўра, хавфсизлик идоралари ходимлари кўпинча “Митингга борган одам оммавий тартибсизликларда ҳам қатнашган” деган мантиққа таянишмоқда. “Киши ўша ерда бўлгани учунгина терроризмда ёки оммавий тартибсизликларда айбланяпти”, деган ҳуқуқ фаоли.

Қозоғистон Бош прокуратураси 4 февралдаги хабарномасида прокуратура идораларига “терговнинг тақиқланган усуллари” қўлланилгани ҳақида 148 та шикоят тушганини, шундан камида 105 таси бўйича жиноят ишлари очилганини маълум қилган, аммо бу ишлар бўйича гумонланланувчилар ҳибсга олинган-олинмагани очиқланган эмас.

Расмий маълумотларга кўра, январь воқеалари ортидан 10 мингга яқин киши қўлга олинган бўлиб, улардан юзларчаси ҳануз ҳибсда қолмоқда. Бош прокуратура қарийб уч мингта жиноят иши тергов қилинаётганини билдирган.

Ҳуқуқбон ва фаоллар ҳибсдаги одамлар қийноққа тутилгани ҳақида кўплаб шикоятлар олишаётганини билдиришмоқда. Халқаро ҳуқуқбонлик гуруҳлари ҳарбийлар томонидан ҳаддан ортиқ куч ишлатилиши туфайли инсонлар нобуд бўлгани ҳақида далиллар мавжудлигини айтишяпти.

XS
SM
MD
LG