Ссылки доступа

Ўзбекистон ЕОИИнинг умумий энергетика бозорига қўшилиши мумкин


Ўзбекистон расмийлари мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) умумий энергетика бозорига қўшилиши истиқболини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, куни кеча Евроосиё иқтисодий комиссиясининг Энергетика департаменти Ўзбекистон Энергетика вазирлиги вакиллари учун Евроосиё иқтисодий иттифоқи умумий энергетика бозорининг ишлаш истиқболлари бўйича тақдимот ўтказган.

Вазирлик хабарномасида тақдимот давомида томонлар Ўзбекистоннинг ЕОИИ умумий энергетика бозорига қўшилиши эҳтимолий оқибатлари тўғрисида фикр алмашгани ҳамда интеграцион жараёнларни чуқурлаштириш ва юқорида қайд этилган бозорга қўшилишнинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олингани билдирилган.

Ўзбекистон 2020 йил 11 декабрида Москва етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи давлат ўлароқ қўшилган эди. Мазкур ташкилотга ҳозирда Россиядан ташқари Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон тўлиқ аъзо бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон энергетика тизими Марказий Осиё ягона энергетика тармоғининг бир қисми бўлиб ҳисобланади, совет даврида барпо этилган мазкур тизимга ЕОИИ аъзолари бўлмиш Қирғизистон ва Қозоғистон тизимлари ҳам киради.

Жорий йилнинг 25 январь куни мазкур тизимда юзага келган носозлик туфайли Ўзбекистоннинг аксар ҳудудлари, Қирғизистоннинг катта қисми ва Қозоғистон жанубида энергетик коллапс юзага келган эди.

XS
SM
MD
LG