Ссылки доступа

Айиқ қафасига улоқтирилган қиз 18 ёшгача тиббиёт фанлари доктори назоратида бўлади


Онаси томонидан Тошкент ҳайвонот боғидаги айиқ қафасига улоқтирилган қизалоқ 18 ёшга тўлгунигача Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт маркази ва унинг директори, тиббиёт фанлари доктори Алишер Шарипов назоратида бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мана шундай қарор чиқаргани тўғрисида 7 февраль куни маълум қилинди.

2018 йилда туғилган З. А., 28 январь куни онаси томонидан "Зузу" лақабли айиқ қафасига ташлаб юборилганидан сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг болалар бўлими қабулхонасига "Тез ёрдам" машинасида олиб келинган эди. У енгил шок ҳолатида бўлган, баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган.

Расман билдирилишича, айни пайтда унинг умумий аҳволи яхшиланган. “Ҳозир бемор тиббиёт ходимлари назорати остида режали муолажаларни давом эттирмоқда. Соғлиги кундан кун тикланиб боряпти”, - дейилади расмий хабарда.

Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси қизини 28 январь куни ҳайвонот боғида айиқ қафасига ташлаб юборган аёл тўғрисида маълумот берган эди.

Унда айтилишича, 1991 йилда туғилган, Тошкент шаҳар Сергели тумани “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғини Обод кўчасида яшовчи ва олийгоҳ ўқитувчиси бўлган З.Т., қизи З.А.,ни айиқ қафасига ташлаб юборишига руҳий тушкунлик сабаб бўлган.

"Зузу" лақабли Кавказ қўнғир айиғи қизалоққа тегмагани, у фақат 5 метр баландликдан тушиш натижасида жароҳат олгани айтилади.

Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилгани"ни маълум қилди.

XS
SM
MD
LG