Ссылки доступа

Қирғизистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ойлиги бошланди


Қирғизистон Республикаси Омбудсман институти 8 февралдан «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ойлиги» бошланганини эълон қилди.

Маълум қилинишича, ойлик 9 мартга қадар давом этади. Ушбу ойлик давомида ташкилот нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бефарқ бўлмаган фуқароларни болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари тўғрисида 115 «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиб, электрон почта орқали (ombudsman@inbox.ru) ёки Омбудсман институтининг Жамоатчилик қабулхонасига ариза ёзиш орқали хабар беришга чақиради.

Шу муносабат билан ота-оналар ва уларнинг яқинлари билан доимий равишда профилактика ва психологик ишларни олиб бориш, шунингдек, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, оилалар ва болаларга ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини кучайтириш таклиф этилмоқда. «Вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур», — дея хулоса қилди Омбудсман институти.

Ташкилот маълумотларига кўра, 2021 йил бошида Қирғизистон Республикасида 2 миллион 381 минг бола бўлган, уларнинг аксарияти (68 фоизи) қишлоқларда истиқомат қилади. Шу билан бирга, 17 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг 11% ота-онасидан бири мигрантдир.

Ўтган ҳафтада Чуй вилоятининг Сўқулук туманида ҳали икки ёшга тўлмаган боланинг шафқатсизларча калтаклангани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди. Бунгача Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги 2020 йилда 417 нафар бола зўравонликка учраганини, улардан 222 нафари жисмоний, 118 нафари жинсий ва 77 нафари руҳий зўравонликларга учраганини эълон қилган эди.

Қирғизистон Республикаси Меҳнат, ижтимоий ривожланиш ва миграция вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда 417 нафар бола зўравонликка учраган, улардан 118 нафари жинсий зўравонликдан, 77 нафари психологик зўравонликдан азият чеккан. ЮНИСEФ маълумотларига кўра, Қирғизистонда болаларнинг 73 фоизи оиладаги лоқайдликдан азият чекади, 83,5 фоизи эса мактаб безорилиги қурбони бўлади.

XS
SM
MD
LG