Ссылки доступа

Навальнийга хайрихоҳ православ руҳонийси Россияни тарк этишга мажбур бўлди


Георгий Сухобокий

Мухолифатчи Алексей Навальнийга хайрихоҳлик билдиргани ортидан диний хизматдан бўшатилган руҳоний Георгий Сухобокий январь ойи охирида Россиядан Польшага кўчиб кетган. Бу ҳақда у “Можем объяснить” телеграм-каналига сўзлаб берган.

Сухобокийга кўра, у ижтимоий тармоқларда Мелекес епархияси епископи Диодорни танқид қилганидан сўнг таҳдидли мактублар олгани туфайли Россияни тарк этган.

Руҳонийнинг айтишича, епархия ходимлари унинг эшиги тагида пойлоқчилик қилиб, оиласининг тинчини бузганлар, яқинлари ва дўстларига хат йўллаб, унинг лаънатлангани ва кейинги авлодларига ҳам лаънат тегиши ҳақида ёзганлар.

Сухобокий бир томондан поляк бўлгани ва бу тилда эркин сўзлаша олгани сабабли Польшани танлаганини айтган.

Ҳозирда у ўзига иш қидирмоқда. Руҳонийнинг The Insider нашрига маълум қилишича, Польша православ черкови Москва билан ораси бузилишидан чўчиб, уни хизматга олмаган. “Путин режими қулаганидан сўнг Россияга қайтаман ва руҳоний сифатида хизмат қилишда давом этаман”, деган Сухобокий.

У ўтган йили октябрида Ульянов вилоятидаги Мелекес епархияси нашриёт бўлими мудири ва матбуот котиби лавозимларидан бўшатилган эди. Бу воқеадан аввалроқ у ижтимоий тармоқда Навальнийнинг Андрей Сахаров номидаги мукофот билан тақдирлангани ҳақида пост ёзиб, илгари мухолифатчини танқид қилган бўлса, эндиликда “унинг қўлини сиқишга тайёр”лигини билдирган.

Ноябрь ойида эса Сухобокийнинг черковда хизмат қилиши тақиқланиб, епископ Диодор “эътиқодини даволаши” учун уни монастирга жўнатишга буйруқ берган, аммо руҳоний монастирга боришдан бош тортган.

Шундан сўнг унга ҳатто черковга бориш ман этилган. Сухобокий устидан тушган шикоят важидан бир неча бор полицияга чақирилган. Шикоят муаллифи уни диндорларнинг ҳис-туйғуларини таҳқирлашда айблаган.

XS
SM
MD
LG