Ссылки доступа

Қирғизистонда АЭС қурилишига қарши имзо йиғилмоқда


Қирғизистондаги экологик ташкилотлар вакиллари ва фаоллар мамлакат ҳудудида атом электр станцияси қурилиши ташаббусига қарши имзо йиғишни бошладилар.

Петиция муаллифлари Қирғизистонда шундоқ ҳам радиоактив чиқиндихоналар мавжудлиги, АЭС қурилиши эса радиацион хавфсизлик учун яна бир таҳдидга айланиши мумкинлигини қайд этганлар.

Фаоллар атом электр станцияси учун хомашё қаердан етказилиши, қайта ишланган ядровий қолдиқлар қаерга йўқотилиши, улар қандай зарарсизлантирилиши ва АЭС иши хавфсизлиги қандай таъминланишига оид саволларни ўртага ташлаганлар. Петиция муаллифларга кўра, Қирғизистонда АЭС қуриш ғоясидан воз кечиш зарур ҳамда бутун диққат-эътиборни янгиланувчи энергия манбалари ва яшил энергетикага қаратиш лозим.

Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси 19 январь куни ўз расмий сайти орқали Қирғизистон ҳудудида кичик АЭС қуриш бўйича мамлакат Энергетика вазирлиги билан меморандум имзолаганини очиқлаган эди. Бунга жавобан Энергетика вазирлиги Қирғизистон томонидан “россиялик атомчиларнинг истиқболли ишланмаларини ўрганишга қизиқиш билдирилгани”ни қайд этиб, Қирғизистон ҳудудида АЭС қурилишига оид қарор “анча узоқ давом этадиган жараён якунларига кўра” қабул қилиниши мумкинлигини қўшимча қилган.

Иқлим ҳаракатлари халқаро тармоғи (Climate Action Network – CAN) муҳтамал лойиҳа юзасидан изоҳ бераркан, “Росатом” томонидан Марказий Осиёда АЭС қурилиши мутлақо сиёсий характерга эга эканини урғулаган.

XS
SM
MD
LG