Ссылки доступа

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари ватандошларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қозоғистонга жўнаб кетди


8 февраль куни Қирғизистон Республикаси Омбудсман институти ва Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази делегацияси қўшни республикада истиқомат қилаётган Қирғизистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистонга жўнаб кетди.

9 февраль куни ҳуқуқ ҳимоячилари Олмаота прокурори ўринбосари Нурлан Ауганбоев билан учрашув ўтказди ва у меҳмонларни Қирғизистон фуқаролари билан боғлиқ ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларига ишонтирди. Шунингдек, у айни дамда Олмаотада ҳибсга олинган Қирғизистон фуқаролари йўқлигини, бироқ Чўлпонбек Сидиқов ва Викрам Рузахуновларга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Омбудсман институтининг қўшимча қилишича, 10 февраль куни делегациянинг Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Элвира Азимова билан Таразда учрашуви бўлиб ўтиши керак. Дастлабки маълумотларга кўра, бу шаҳарда икки қирғизистонлик ҳибсда сақланмоқда.

Бундан ташқари, ташриф давомида ҳуқуқ ҳимоячилари ёпиқ ва ижтимоий муассасаларга ташриф буюришади, Қозоғистондаги ватандошлар ва меҳнат муҳожирлари билан учрашув ўтказишади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги январь воқеалари чоғида Қирғизистон Республикасининг 10 га яқин фуқароси қўлга олинган, уларнинг барчаси қўйиб юборилган. Бундан ташқари, Қирғизистон Республикасининг икки фуқароси ҳалок бўлган. Ҳибсга олинганлар орасида қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рузахунов ҳам бор. Олмаотада қаттиқ калтакланган Чўлпонбек Сидиқов эса операция қилинди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, унинг иккала оёғи, қовурғалари цинган ва мияси чайқалган.

XS
SM
MD
LG