Ссылки доступа

Қозоғистон: HRW ҳукуматни январь воқеалари бўйича терговга халқаро экспертларни жалб этишга чақирди


Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон раҳбариятини январь воқеалари чоғида инсон ҳуқуқлари бузилганига доир ҳолатларни тергов қилиш учун халқаро экспертларни жалб этишга чақирди.

Ташкилот мазкур баёнотни HRW раҳбари Кеннет Ротнинг Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан учрашуви ортидан тарқатди. Қозоғистон ТИВ хабарномасида терговга халқаро экспертларни жалб қилиш ҳақида айтилган эмас, балки январь воқеаларини тергов қилиш масалалари бўйича “мулоқот бошлангани” маълум қилинган, холос.

Вазирлик ўз хабарномасида яна “қуролли тартибсизликлар” иборасини қўллаган. Унда айтилишича, Тлеуберди “Қозоғистон тергов идоралари фуқаролар ва халқаро жамоатчилини ташвишга солаётган ҳар бир конкрет ҳолатни кўриб чиқишга тайёр”лигини тасдиқлаган.

HRW баёнотида “натижалар ишончли деб қабул қилинишини кафолатлаш мақсадида” тергов жараёнига халқаро экспертларни киритиш зарурлиги урғуланган. Ташкилот вакиллари фикрича, бу борада Қозоғистонга БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти экспертлари самарали ёрдам кўрсатиши мумкин.

HRW ижрочи директори Кеннет Ротга кўра, халқаро экспертлар иштирокида биргаликда суриштирувлар ўтказиш янги терговнинг мустақиллиги ва муваффақиятини таъминлайди.

Аввалроқ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари, Қўшма Штатлар ва ЕИ вакиллари ҳам январь воқеалари бўйича мустақил тергов ўтказишга чақиришган.

Ҳуқуқбонларга кўра, халқаро экспертлар иштирокидаги тергов мандати 4-6 январь кунлари одамлар қурбон бўлиши фактларини текшириш, бу ўлимларга кучишлатар тузилмалар ходимларининг нақадар алоқадорлигини аниқлашга имкон берган бўлар эди.

XS
SM
MD
LG