Ссылки доступа

“Дождь” телеканали Рамзан Қодировга қарши жиноят иши очишни талаб қилди


“Дождь” телеканали Россия Тергов қўмитасидан нафрат ёки адоват қўзғатишга доир модда бўйича Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга қарши жиноят иши очишни талаб қилди.

Телеканал ўз аризасида Қодировнинг 1 февраль куни “ВКонтакте” тармоғида ёйинланган видеомурожаатига ҳавола берган. Унда Чеченистон раҳбари “Дождь” телеканалини, “Новая газета” ва унинг журналисти Елена Милашинани ҳамда ҳуқуқбон Игорь Каляпинни “террорчилар” ва “террорчиларнинг гумашталари” деб атаб, уларни жавобгарликка тортиш кераклигини айтган.

Қодировга қарши жиноят иши қўзғатишни “Новая газета” ҳам талаб қилган. Елена Милашина ўзига нисбатан таҳдидлардан сўнг Россияни тарк этган.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Чеченистон раҳбарига қаратилган айбловларни кузатишга зарурат бор деб ҳисобламаслигини айтган. Песковга кўра, Қодировга нисбатан эътирозларни полиция кўриб чиқиши лозим. Ўз навбатида ОАВ вакиллари Қодиров тарафидан журналистларга таҳдид қилинган пайтларда юқори мартабали мулозимлар сукут сақлашига эътибор қаратишган.

Мухолиф сиёсатчи Илья Яшин Change.org сайтида Чеченистон раҳбари истеъфоси учун петиция очган.

Чеченистон раҳбарияти билан журналистлар ва ҳуқуқбонлар ўртасидаги зиддият Нижний Новгородда истеъфодаги федерал судья Сайди Янгулбоевнинг хотини ҳамда чечен ҳуқуқ фаоли Абубакар Янгулбаевнинг онаси – Зарема Мусаева ўғирлаб кетилиб, қамоққа олиниши қабатида пайдо бўлган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Мусаеванинг ўғирланганига оид хабарларга жуда кескин муносабат билдирган. У Янгулбаевлар оиласини “қамоқ ёки қабр” кутаётганини айтган.

XS
SM
MD
LG