Ссылки доступа

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири: Толибон Афғонистонни “террорчилардан тозаламоқда”


Абдулазиз Комилов Толибон раҳбарларидан бири Мулла Бародар билан Тошкентда учрашган эди.
Абдулазиз Комилов Толибон раҳбарларидан бири Мулла Бародар билан Тошкентда учрашган эди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Толибон Афғонистонни “террорчилардан тозаламоқда”, деб баёнот берди. Вазир латвиялик ҳамкасби Эдгарс Ринкевичсомо билан учрашувидан сўнг ўтказган матбуот анжуманида мана шу ҳақда гапирган.

“Ушбу ҳукумат мамлакатни террорчилардан тозалаш учун кўплаб чораларни амалга оширмоқда. Улар минтақавий ва халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш истагини билдирмоқдалар. Биз ушбу саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз лозим”,-деди Комилов.

Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг Афғонистонга ташкилий-техник ёрдам кўрсатишдан ягона мақсади мамлакатдаги “гуманитар фалоқатнинг олдини олишдир”. Вазир Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида Термизда кўп функцияли халқаро транспорт хаби ташкил этилганини яна бир бор таъкидлади.

“Бугун Афғонистонда мутлақо янги воқелик шакллангани ҳақиқат. Албатта, ушбу давлат муваққат ҳукуматини тан олиш ёки олмаслик борасида турлича ёндашувлар мавжуд. Ҳукуматни тан олиш масаласи – икки томонлама ҳаракатлар эвазигагина амалга ошиши мумкин. Яъни, олдинга силжиш керак: муваққат ҳуқумат ўз ваъдаларини бажариши шарт (ва улар жуда кўп). Булар халқаро ҳамжамият қўяётган деярли ўша шарт ва талаблардир”,-деди Комилов.

Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни босиб олгани ортидан Афғонистонда ўз ҳокимиятини тиклаган эди. Шу кунгача Толибон ҳукуматини жаҳондаги бирорта давлат тан олган эмас.

XS
SM
MD
LG