Ссылки доступа

Тожикистон авиация маъмурияти Россияга авиачипталар нархи баландлигича қолаётганини изоҳламади


Россияга парвозлар сони пандемиядан олдинги даврга етди, деди Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари Икром Субхонзода 10 февраль куни Душанбедаги матбуот анжуманида. Бироқ, авиачипталар нархи ҳали ҳам қиммат.

Икром Субхонзода ҳозирда Тожикистон ва Россия ўртасида ҳафтасига 120 та рейс амалга оширилаётганини таъкидлади. Бироқ журналистлар Россия шаҳарларига авиачипталар нархи нега баландлигича қолаётгани ва уларнинг пасайиши кутиляптими, деган саволларга аниқ жавоб ололмади.

«Агентлик авиачипталарнинг асоссиз оширилишига қарши. Биз чора кўрамиз ва вазиятни назорат қиламиз. Россияга авиачипталар нархи ушбу йўналишларда сарфланадиган харажатлар доирасида бўлиши керак», — дея қўшимча қилди Икром Субхонзода.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги аввалроқ Тожикистондан Россия Федерациясига ва ортга чипталар ҳар икки йўналишда ҳам 500 доллардан кўп бўлмаган миқдорда сотилиши кераклигини таъкидлаган эди. Бироқ бу гал Икром Субхонзода аниқ миқдорни айтмади. «Ягона тариф йўқ, барчаси хизмат кўрсатиш ва парвоз давомийлигига боғлиқ», — деди у.

10 февраль куни Озоди радиоси мухбирлари Душанбедаги собиқ Яшил бозор ёнидаги авиакассаларда бўлиб, бир томонлама авиачипталар нархи 6000 сомоний (530 доллар)га етаётганини аниқлади.

Тожикистондан Россияга авиачипталарнинг юқори нархлари йўловчиларни бошқа йўналишларни излашга мажбур қилмоқда. Тожикистон авиация бозоридаги вазият қўшни давлатлар авиакомпаниялари қўлида бўлиб чиқди, дейди экспертлар. Суҳбатдошларимизга кўра, ҳозирда Тожикистоннинг кўплаб аҳолиси Ўзбекистондаги авиакомпаниялардан чипта сотиб олишни бошлаган: Сўғд вилояти аҳолиси Россия шаҳарларига Тошкент ва Самарқанд орқали, Хатлон вилояти аҳолиси эса Термиз орқали боради.

Тожикистон ва Россия ўртасидаги мунтазам авиақатновлар коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилганидан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 2021 йил апрель ойида қайта тикланди.

XS
SM
MD
LG