Ссылки доступа

Штайнмайер Германия президенти лавозимига қайта сайланди


Франк-Вальтер Штайнмайер 13 февраль куни иккинчи муддатга Германия президенти лавозимига сайланди. Федерал йиғин аъзоларининг кўпчилиги унинг номзодини дастаклаб овоз берди. ГФР президентини сайлайдиган Федерал йиғинга Бундестаг депутатлари ва федерал ерларнинг вакиллари киради.

Социал-демократ Штайнмайер номзодини ҳукмрон коалиция (унга Германия социал-демократик партияси, Озод демократлар ва “Яшиллар” партияси) вакиллари ҳам, мухолифатдаги Христиан-демократлар иттифоқи ва Христиан-социалистлар иттифоқи (ХДИ/ХСИ) блоки ҳам дастаклаган. Ўнг қарашда бўлган “Германия учун альтернатива” ҳамда “Сўллар” эса унга қарши овоз беришган. Натижада Штайнмайер 1425 та овоздан 1045 тасини дастак овозини йиғишга муваффақ бўлган, йиғинниг 86 нафар аъзоси бетараф қолган, дея хабар қилди Deutsche Welle.

66 ёшли Штайнмайер ХДИ/ХСИ ҳамда Германия социал-демократик партияси вакилларидан ташкил топган коалицион ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган, вице-канцлер бўлиб ишлаган. У 2017 йили ГФР президенти этиб сайланган. Германия конституциясига кўра президентнинг ваколатлари кўп эмас, бироқ у жамиятда маънавий авторитет ўлароқ қабул қилинади.

Сайловдан кейинги нутқида Штайнмайер демократияни ҳимоя қилишнинг муҳимлигига тўхталган ҳамда Европага ҳозирда уруш хавф солаётганини қайд этган. Вазият таранглашуви бўйича масъулиятни у Украинага нисбатан тажовузкорона ҳаракатлар содир этаётган Россия зиммасига юклаган. Германия президенти бу борада барчани биргаликда инқироздан чиқиш йўлини излашга чақирган.

XS
SM
MD
LG