Ссылки доступа

Тожик-қирғиз чегарасида олиб борилаётган қурилиш ишлари томонлар ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўлди


Овчи-Қалача (Сўғд вилояти, Бобожон Ғофуров тумани) маҳалла фуқаролар йиғинининг бир неча аҳолиси 11 февраль куни уйлари яқинида қирғиз қўшинлари борлигидан хавотирда эканликларини маълум қилди.

Тожикистон чегара қўшинлари вазиятга расман изоҳ бермаяпти. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати матбуот хизмати 11 февраль куни чегарадаги можаронинг олди олинганини маълум қилди.

«Овчи-Қалъача» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муроджон Жўрабойзода Қирғизистон томони унинг уйига панжара ўрнатишга яна бир бор тўсқинлик қилганини айтди.

«Маҳалламиз ёнига Қирғизистоннинг бир неча фуқаролари уй қура бошлаганини кўриб, уйимни панжара билан ўраб олмоқчи бўлдим. Аммо қирғизлар бунинг олдини олишди», — дейди у.

Ҳалимбобо маҳалласи аҳолиси томонидан эълон қилинган видеода бир неча қирғиз аскари ўз уйлари ёнида патруллик қилаётгани тасвирланган. Ижтимоий тармоқлар ва Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида томонлар девор қуриш устида тортишаётгани акс этган видеолар ҳам тарқалди.

Қирғизистон чегара хизмати шу куни Лайлек туманининг Мақсат қишлоғида қурилиш ишлари олиб борилаётгани, бироқ «Тожикистоннинг 15-20 нафар фуқароси уларга тўсқинлик қилгани» ҳақида хабар берди.

Қирғизистон чегара хизматининг хабар беришича, томонлар можаронинг олдини олиш мақсадида ушбу чегара ҳудудида қурилиш ишларини тўхтатишга келишиб олган. «Одамлар тарқаб кетишди. Қирғизистон-Тожикистон чегарасида вазият барқарор», — дейилади Қирғизистон чегара хизмати хабарида.

Чегара ҳудудидаги қурилиш ишлари кескинлик келтириб чиқараётгани биринчи марта эмас. 2021 йил ноябрь ойи охирида Ҳалимбобо маҳалласи аҳолиси ҳам уйлари яқинида кўп сонли ҳарбийлар юргани ҳақида хабар беришди.

Аҳолининг сўзларига кўра, 30 ноябрь куни Муроджон Жўрабойзода уйини тўсмоқчи бўлганидан сўнг уларнинг маҳалласи яқинида қирғиз қўшинлари сони ортган.

XS
SM
MD
LG