Ссылки доступа

АҚШ ўз фуқароларини Беларусь, Молдова ҳамда Днестрбўйини тарк этишга чақирди


АҚШ Давлат департаменти Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши эҳтимоли манзарасида ўз фуқароларини Беларусь, Молдова ҳамда Днестрбўйига сафар қилишдан огоҳлантирди.

Ташқи сиёсат маҳкамаси сайтида эълон қилинган хабарномада Беларусга бормаслик тавсияси Беларусь-Украина чегарасида Россия ҳарбий қудрати “ғайриодатий ва хавотир уйғотадиган даражада” оширилгани, расмий Минскнинг қонунларни қўллаш ва ҳибсга олишда ўзбошимчалик билан иш тутиши, шунингдек коронавирус пандемияси билан изоҳланган. Шу муносабат билан Беларусда бўлиб турган америкаликлар тижорат транспорти ёки хусусий транспорт билан дарҳол мамлакатни тарк этишлари лозим.

31 январь куни Давлат департаменти АҚШнинг Минскдаги элчихонаси хизматчилари оилаларига мамлакатдан чиқиб кетиш тўғрисида кўрсатма берган эди.

АҚШ Россиянинг Украина теварагидаги ҳарбий фаоллиги, шунингдек Молдовадан мустақиллик эълон қилган Днестрбўйи билан Кишинёвдаги ҳукумат ўртасидаги бартараф этилмаган можаро важидан ўз фуқароларига Молдовага сафар қилмасликни тавсия этган.

Иккала минтақага ҳам хавфлилиги бўйича тўртинчи даража берилган.

АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлар расмийлари Россиянинг шу ҳафтадаёқ Украинага бостириб кириши эҳтимоли юқорилигини айтган. Кремль буни рад этиб, қўшинлар кўчирилишини ўзининг ички иши деб атамоқда.

Аввалроқ қирққа яқин мамлакат ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирган эди.

XS
SM
MD
LG