Бу ҳақда Озодликка унинг адвокати Мурат Жўлшиев маълум қилди.
Декабрь ойида фаол Ерулан Амировнинг онаси Шарипа Ниёзова у махсус хизмат ҳибсхонасида ўз жонига қасд қилишга урингани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Амиров ИИВ Жазони ижро этиш тизими қўмитасининг ИЧ-167/11 тергов изоляторига ўтказилди. Фаол, адвокатга кўра, ушбу тергов ҳибсхонасида бўлганида суд мажлисида онлайн иштирок этган.
Адвокат Мурат Жўлшиевнинг сўзларига кўра, у ва Амировнинг онаси суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш учун ариза берган. Прокуратура ва ахлоқ тузатиш муассасаси бу баёнотни қабул қилди.
— Судья Олмаота вилоятида экспертиза ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди. Энди суд экспертизаси институти Амировни руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштириш ёки йўқлигини аниқлаши керак», — деди Жўлшиев.
Ерулан Амиров иши бўйича суд жараёни 25 январь куни бошланган.
2021 йил март ойида Ерулан Амировга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди. Унга «ижтимоий низо қўзғатиш», «терроризмни тарғиб қилиш», «тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш» моддалари бўйича айблов эълон қилинди. Июнь ойида ихтисослаштирилган тергов суди фаолни Олмаота вилоятининг Оқтас қишлоғидаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиш тўғрисида қарор чиқарган. Август ойида шифохона унинг тузалиб кетгани ҳақида маълумотнома берди.
Шарипа Ниёзованинг Озодликка айтишича, ўғли руҳий касалликка чалинган ва у расман психиатрик рўйхатда бўлмасада, шизофрения ташхиси қўйилган. Шунингдек, у бунгача ўғлини психиатрга олиб боришга рухсат берилмаганини айтди.
2021 йил декабрь ойида фаоллар Ерулан Амировни озод қилишни талаб қилиб, апелляция билан чиқишган. Қозоғистонлик ҳуқуқ фаоллари Амировни «сиёсий маҳбуслар рўйхати»га киритган.