Аҳоли рўйхатини ўтказиш бўйича режалар ҳақида Давлат статистика қўмитаси раҳбари 11 февраль куни Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилди ва ҳозирда ушбу тадбирни «Аҳолини рўйхатга олиш режаси»га мувофиқ ташкил этиш чоралари кўрилаётганини айтди.
Расмий хабарда айтилишича, Давлат статистика қўмитаси раҳбари 2021 йилнинг 17-27 декабрь кунлари рақамли технологиялар ёрдамида ўтказилган синовли аҳоли рўйхати ҳақида ҳам маълумот берган. Аммо бу рўйхатга олиш натижалари хабарда эълон қилинмаган.
Охирги марта 2006 йилда Туркманистон расмийлари мамлакатда 6,7 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилишини даъво қилган эди.
Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятга келганидан сўнг Туркманистон аҳоли статистик маълумотларини чоп этишни тўхтатди ва аҳолини янги рўйхатга олиш ўтказиш ниятини эълон қилди.
2012 йил декабрь ойига режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш Туркманистон аҳолиси билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритмади.
Режага кўра, мамлакатда доимий яшовчи аҳоли, давлат органлари орқали 1 йил ва ундан ортиқ муддатга узоқ хизмат сафари муносабати билан хорижда бўлган Туркманистон фуқаролари, шунингдек, Туркманистон ҳудудида вақтинча яшовчи шахслар, чет элда доимий яшовчи шахслар рўйхатга олиниши шарт.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Туркманистон аҳолиси ҳақидаги маълумотларнинг узоқ муддат давомида яширилишига расмийларнинг демографик инқирозни расман тан олишни истамаслиги сабаб бўлиши мумкин.