Ссылки доступа

Тожикистон божхоначилари умумий оғирлиги 13 тонна бўлган минглаб Қуръон нусхаларини мусодара қилди


Жорий йил бошида Хатлон вилояти божхона бошқармаси томонидан умумий оғирлиги 13 тонна бўлган минглаб нусхада Қуръони Карим китоби мусодара қилинди.

Божхона маълумотларига кўра, китоблар Афғонистондан Нижный Панждаги назорат-ўтказиш пункти орқали олиб келинган ва Дин ишлари бўйича қўмита қарори чиққунча «хавфсизлик нуқтаи назаридан» мусодара қилинган. Ҳозирда барча юклар Бохтарда сақланмоқда.

Манбага кўра, Қуръон Тожикистонга расман, декларация асосида олиб кирилган ва китоблар мазмунини текшириш ҳамда ваколатли органлар томонидан хулоса чиқариш мақсадида вақтинча олиб қўйилган. Бу китобларни Тожикистонга олиб келган тадбиркор ҳақида маълумотлар ошкор этилмаган.

Божхона қўмитасининг Хатлон вилояти бўйича бошқармаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан рухсат кутаётганини, агар бирданига бу китобларни Тожикистонга олиб кириш тақиқланса, тадбиркор бу китобларни Афғонистонга қайтаришга мажбур бўлишини билдирган.

Божхона мусодара қилинган юк ичида қанча жилд Қуръон борлигини маълум қилмаган. Шу билан бирга, божхоначи китоблар Тожикистонга юк машинасида олиб келингани, Қуръоннинг ҳар бир нусхаси эса 2,5 кг оғирликда эканини айтди.

Хатлон вилояти божхона бошқармаси журналистларга 2021 йилда Фархор туманидаги “Кўкул” назорат-ўтказиш пункти орқали Тожикистонга 27 минг жилд Қуръони карим олиб кирилгани, кейин эса Афғонистонга қайтариб юборилганини маълум қилди. Бу бўлим вакилларига кўра, 2022 йил бошида Тожикистонга олиб келинган китоблар ўтган йили қайтарилган китоблар бўлиши мумкин.

Бир неча йил аввал Тожикистон ҳукумати тақиқланган адабиётларни Тожикистонга олиб киришнинг олдини олиш ва тақиқлаш бўйича кескин чоралар кўришга қарор қилган эди. 2017 йилда мамлакат Маданият вазирлиги махсус рухсатномасиз китобларни мамлакатга олиб кириш ва ундан олиб чиқиш тақиқланганини маълум қилди. Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита ва Ички ишлар вазирлиги мамлакатга олиб кириш тақиқланган китобларнинг ўз рўйхатини тузди. Дин ишлари бўйича қўмита қошида ихтисослаштирилган кенгаш ташкил этилган бўлиб, у дастлаб диний китобларни экспертизадан ўтказади, шундан кейингина уларни Тожикистонга олиб кириш ёки нашр этишга рухсат беради. Расмийларнинг бу қарори ижтимоий тармоқлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқидларга сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG