Ссылки доступа

Тожикистон шимолида чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик учун 39 нафар қирғизистонлик судланди


Тожикистоннинг Сўғд вилоятида 2021 йилда Қирғизистоннинг 39 фуқароси чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганда қўлга олинган.

Бу ҳақда 15 февраль куни Хўжандда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сўғд вилоят суди раиси Бахтиёр Оқилзода маълум қилди.

«Қўлга олинганларга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 335-моддаси («Тожикистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш») бўйича 27 та жиноят иши қўзғатилган. Қоидабузарлар турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди», деб тушунтирди у.

Шу билан бирга Бахтиёр Оқилзода чегарадаги можароларда қатнашгани учун бирорта ҳам қирғизистонлик судланмаганини таъкидлади.

Қирғизистонда Тожикистон фуқаролари ҳам турли муддатларга қамалган. Уларга нафақат давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, балки чегарадаги можароларда қатнашиш айби ҳам қўйилган. Хусусан, 2021 йил сентябрида суд Тожикистон фуқаролари Асқар Юнусов ва Абдурозик Абдуқаҳҳоровларни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган, бироқ кейинчалик бу жазо 20 йиллик қамоқ жазосига ўзгартирилган.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар 2021 йилнинг 28-30 апрель кунлари чегарада юз берган қуролли можародан сўнг кескинлашди ва бунинг оқибатида қирғиз томондан 154 киши тан жароҳати олди, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини расман эълон қилди.

Боткен вилоятида 140 та уй, мактаб ва чегара постлари ёқиб юборилди ёки вайрон бўлди, 58 мингга яқин киши ўз яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлди. Тожикистон Сўғд вилоятида бутунлай вайрон бўлган 14 та уй, иккита ярим вайрон ва битта бино ҳақида хабар берди. Можаро ҳудудидан 15 мингга яқин фуқаро эвакуация қилинди.

XS
SM
MD
LG