Ссылки доступа

Тожикистонда ўқув теледарсларини тайёрловчи биринчи миллий марказ очилди


Тожикистонда ўқув телевдарсларини яратувчи биринчи миллий инновацион ўқув-таълим маркази очилди.

15 февраль куни Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти биносида марказнинг очилиш маросимида Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси – UNICEF вакиллари иштирок этди.

Телевизион дарслар ишлаб чиқариш маркази Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган «Таълим сифатини қўллаб-қувватлаш II» дастури доирасида ташкил этилган.

«Лойиҳадан мақсад юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг видеодарсларини намойиш этиш орқали теледарсларни ўқитиш методикасини ишлаб чиқиш ҳамда ўқитувчилар ва талабаларга аралаш ҳамда масофавий таълим учун зарур бўлган ўқитиш кўникмаларини ривожлантириш учун Тожикистон Таълим ва фан вазирлигини инновацион таълим воситалари ва онлайн контент билан жиҳозлашдан иборат», дейилади UNICEFнинг Тожикистондаги ваколатхонаси баёнотида.

Шунингдек, болалар учун қулай бўлган студия замонавий жиҳозлар ва энг сўнгги дастурий таъминот билан жиҳозлангани маълум қилинди.

Тожикистон таълим ва фан вазири Муҳаммадюсуф Имомзода очилиш маросимида департамент томонидан Рақамли таълим концепцияси ишлаб чиқилаётгани ва марказ соҳадаги яхши бошланиш эканини таъкидлади.

UNICEFнинг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Усама Маккави ушбу янги технологиядан фойдаланиш Тожикистондаги барча болаларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини янада яхшилашига умид билдирди.

Лойиҳа доирасида марказ студиясида 2000 дан ортиқ теледарслар ишлаб чиқарилади. 2020 йилнинг май-июль ойларида дастур доирасида 9-11-синфлар учун телевизион дарсларнинг биринчи ишлаб чиқилиши якунланди. Қолган дарслар миллий ўқув дастурининг барча синфлари ва фанлари бўйича ишлаб чиқилади, дея хабар беради UNICEF.

XS
SM
MD
LG