Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, Истрадаги «Пятёрочка» дўконига қилинган ҳужумдан кейин муҳожирларга нисбатан босим кучайган. Жорий йилнинг 9 февралига ўтар кечаси содир этилган ўғирлик натижасида 51 ёшли дўкон кассири ҳалок бўлган, дўкон эгаси ва унинг рафиқаси оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.
Полиция ҳужумнинг тўрт нафар иштирокчисини ҳибсга олди ва полициянинг ўзи бу фуқаролар Марказий Осиё минтақасидан эканлигини таъкидлаган бўлсада, Россия оммавий ахборот воситалари дарҳол «қароқчилар Тожикистондан бўлган» деб ёзишди.
Тожик меҳнат муҳожири Умаршох 16 февраль куни Озоди радиосига ўғирликдан кейин уларга нисбатан босим кучайгани ва полиция айни пайтда «жуда қаттиққўл»лик қилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, баъзи полициячилар ҳудудни потенциал жиноятчилардан тозалаш бўйича кўрсатма берилганлигини айтишди. Полиция бу сўзларни на тасдиқлайди, на инкор этади.
«Ўғирлик қилган аҳмоқнинг айби билан ҳаммамиз қийналяпмиз. Бусиз ҳам қийноқлар бор эди, энди эса у зулмга айланди», дейди Умаршох.
Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоячиси Муҳаммаджон Собировга кўра, ўтган ҳафтада Истрада 100 га яқин одам ҳибсга олинган. Унинг қўшимча қилишича, бундай ҳибслар аввал ҳам бўлган, аммо ҳозир Истрада содир бўлаётган воқеалар ўзига хос «қасос»га ўхшайди.
Тожикистон элчихонаси бизга ҳақиқатан ҳам ҳибсга олинган муҳожирлардан шикоятлар келиб тушганини, бироқ айни пайтда Тожикистон фуқаролари қайси ҳудудда кўп ёки камроқ ҳибсга олинаётгани ҳақида маълумот бера олмаслигини айтди. Элчихона вакилининг айтишича, Россия расмийлари одатда бўлажак рейд ҳақида уларга хабар бермайдилар ва улар «фақат муҳожирлар ҳуқуқлари бузилган тақдирдагина муносабат билдиришади».
Муҳожирларга кўра, қўлга олинган муҳожирларнинг ҳаммаси кейин депорт қилинмасада, уларнинг барчаси кун бўйи полиция бўлимларида ушлаб турилади ва қийноққа солинади. Ҳозир Россияда бир миллиондан ортиқ тожикистонлик яшаб, меҳнат қилмоқда.