Ссылки доступа

Путин тартиббузар мигрантларни Россиядан зудлик билан ҳайдашни талаб қилди


Президент Владимир Путин Россия Федерацияси қонунчилигини бузган нолегал мигрантларга қарши мамлакатдан бадарға қилиш ва уларнинг қайтиб келишини тақиқлаб қўйиш дохил қатъий чоралар кўрилиши шартлиги билдирди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри хабар қилди.

Путинга кўра, нолегал миграцион фаолият, ўзларининг криминал бизнесларини шу нолегал миграция устига қурган жиноий гуруҳларга қарши энг кескин чоралар кўрилиши лозим.

“Экстремизмнинг, ҳуқуқбузарликнинг ва ноқонуний меҳнат фаолиятининг ҳар қандай кўриниши Россиядан бадарға қилиш ва келажакда мамлакатимизга киришга тақиқ қўйилиши бўйича қарорларни тез қабул қилиниши ва бажарилиши учун асос бўлиб хизмат қилиши керак”, деган Россия президенти.

Айни пайтда Путин ватандошлар ҳамда қонунларга риоя қилаётган, маданият ва анъаналарга ҳурмат билан ёндашаётган хорижликлар учун “барча зарур ҳужжатларни эркин ва бюрократик тўсиқларсиз расмийлаштириш” имконияти берилиши лозимлигини қўшимча қилган.

Ўз навбатида, ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев сўнгги пайтларда хорижликлар орасида жиноятчилик кўпайгани, шу билан бирга, ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятлар сони камайгани ҳақида маълум қилган.

“Чет эл фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар кўлами қарийб 6 фоизга ортган. Ҳуқуқ-тартиботни гуруҳ бўлиб бузиш ҳолатлари қайд этилган, бунда иштирок этган шахслар жавобгарликка тортилган, уларни депортация қилиш чоралари кўрилган”, деган В. Колокольцев.

ИИВ раҳбарига кўра, Россияда ҳуқуқбузарлик қилиб, бадарға қилинганидан кейин паспортидаги маълумотларни ўзгартириб, мамлакатга қайтиб келаётган мигрантлар муаммоси ҳам бор. Расмийлар РФга киришда мажбурий равишда бармоқ изи олинадиган хорижликлар рўйхатини кенгайтиришни мазкур муаммони ҳал қилиш йўли ўлароқ кўрмоқдалар.

XS
SM
MD
LG