Ссылки доступа

Адвокат Йилмаз: Ўрхан Инанди қийноқлар остида кўрсатма берган


Қирғизистондаги “Сапат” халқаро таълим муассасаси президенти Ўрхан Инанди Туркияда кучли босим ва қийноқлар остида терговчиларга кўрсатма берган. Бу ҳақда 20 февраль куни Озодликнинг қирғиз хизматига унинг адвокати Халил Иброҳим Йилмаз маълум қилди.

Адвокатга кўра, иш бўйича 3 февраль куни Туркия пойтахти Анқарада бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида Ўрхан Инанди бирор террорчилик ташкилоти билан ҳеч қанақа алоқаси йўқлиги ва ҳибсда бўлган 37 кун давомида терговчилар уни қийноққа солган ҳолда кўрсатма олишганини яна бир карра айтган.

Ўрхан Инанди иши Анқарада Олий суд томонидан кўрилмоқда. У қуролли террорчилик ташкилотини бошқарганликда айбланяпти. Прокуратура Инандини 15 йилдан 22,5 йилгача озодликдан маҳрум этишни сўраган.

Ўрхан Инанди Туркияда туғилган бўлиб, 1995 йилда Қирғизистонга келган, 2012 йили эса бу мамлакатдан фуқаролик олган. У “Сапат” (аввалги номи Sebat) халқаро таълим муассасасига раҳбарлик қилган. Инанди ўтган йилнинг 1 июнига ўтар кечаси ғойиб бўлган эди, 5 июль куни эса Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк махсус хизматлари Ўрхан Инандини мамлакатга келтиришганини маълум қилиб, уни “ФЕТО ташкилотининг Марказий Осиёдаги бошқарувчиси” деб атаган.

БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси Ўрхан Инандининг ўғирланишида Қирғизистоннинг айби борлигини билдирган. Инанди ғойиб бўлганидан сўнг Қирғизистонда мамлакат Жиноят кодексининг 170-моддаси (“Одам ўғирлаш”) бўйича иш очилган. У Интерпол орқали халқаро қидирувга ҳам берилган. Кейинроқ қирғиз милицияси Инандига Қирғизистон паспорти берилишининг қонунийлигини текширишини билдирган, ҳарбий прокуратура эса унинг чет элга олиб чиқиб кетилиши факти бўйича тергов бошлаган.

Адвокат Халил Иброҳим Йилмаз аввалроқ Инанди ўзини кимлар ўғирлаганини билмаслигини маълум қилганди. Инанди қирғиз миллатига мансуб уч киши уни ушлаб олиб, кўзларини боғлаган ҳолда бир неча соат машинада олиб юргани ва учоққа ўтқизганини, учоқ эса уни Туркияга етказганини айтган, холос.

XS
SM
MD
LG