Ссылки доступа

Камилов ва Блинкен ўзаро муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан табрик алмашди


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзаро қутлов мактубларини алмашди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Юсуф Кабулжонов 19 февраль куни маълум қилди.

ТИВ вакилига кўра, Абдулазиз Камилов ўз мактубида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлаган.

"Мамлакатлар ўзаро ҳурмат тамойили асосида сиёсат, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари ва маданият соҳаларидаги қатор масалалар бўйича муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, анъанавий ўтказиб келинган маслаҳатлашувлар механизми Стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтарилиб, унинг биринчи мажлиси 2021 йилда Тошкент шаҳрида муваффақиятли ташкил этилгани алоҳида билдирилди", дейилади ТИВ баёнотида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўз табригида АҚШ билан халқаро ва минтақавий форматлар, жумладан, «C5+1» механизми доирасидаги самарали ҳамкорликни эътироф этди. Афғонистон халқига ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини ҳам қайд этган.

Ўзбекистон ТИВ вакилига кўра, Энтони Блинкен Америка томони бундан буён ҳам Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган улкан мақсадларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаган.

Мактуб якунида Э.Блинкен Қўшма Штатлар Ўзбекистон олиб бораётган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва конструктив ҳамкорликни давом эттириш тарафдори эканлигини маълум қилган.

Қўшма Штатлар ўттиз йил аввал биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган.

XS
SM
MD
LG