Ссылки доступа

Самарқандда таксичилардан зўравонлик билан “солиқ” ундириб келган шахслар қўлга олинди


Самарқандда ўтган ҳафтада таксичилик билан шуғулланиб келган ҳайдовчилардан зўравонлик йўли билан пул ундириб келган 7 нафар шахс қўлга олинди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган бу шахслар Самарқанд-Навоий ва Самарқанд-Бухоро йўналишида қатновчи ҳайдовчилардан доимий йўналишда таксичилик қилиш учун 300-500 АҚШ доллари ҳамда кунлик қатновчи ҳайдовчилардан 30 минг сўмдан 50 минг сўмгача маблағни таъмагирлик йўли билан ундириб келишган.

“Жиноий гуруҳ аъзоларининг фаолиятига қарши чиққан ёки сўралган пул маблағларини бермаган фуқароларга нисбатан гуруҳга ёлланган бир гуруҳ уюшган спортчилар орқали жисмоний тазйиқ, зўравонлик ва оғир турдаги тан жароҳатлари етказиб келишган”, дейилган ИИБ хабарномасида.

Самарқандлик тартиб посбонлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида гуруҳ етакчилари В.Ф. ва Э.Д. тадбирга жалб қилинган фуқароларга товламачилик қилаётган вақтида қўлга олинган, уларга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG