Ссылки доступа

АҚШ элчихонаси Россияда терактлар содир этилишдан огоҳлантирди


Посольство США в Москве

АҚШ элчихонаси хабарида Россиядаги барча америкаликларни одамлар гавжум жойларда эҳтиёт бўлишга чақирилади.

ОАВ хабарларига кўра, АҚШнинг Москвадаги элчихонаси якшанба куни кечқурун Россиядаги АҚШ фуқароларини йирик шаҳарлар, жумладан, Москва ва Санкт-Петербургдаги савдо марказлари, вокзаллар, метро станциялари ва бошқа одамлар гавжум жойларга, шунингдек, Россиянинг Украина билан чегарасидаги кескинлик юқори бўлган ҳудудларга ҳужум қилиш таҳдидлари мавжудлигидан огоҳлантирган.

Элчихонанинг огоҳлантиришидан гап қандай хабарлар ҳақида кетаётгани аниқ эмас. Сўнгги ҳафталарда Россиянинг турли шаҳарларида жамоат жойларига ташриф буюрувчилар бомба таҳдиди билан келган қўнғироқлар туфайли тез-тез эвакуация қилинмоқда, уларнинг ҳеч бири тасдиқланмаган.

АҚШ элчихонаси эълонида, шунингдек, Россиядаги барча америкаликларни одамлар гавжум жойларда эҳтиёт бўлишга ва «АҚШ ҳукумати ёрдамисиз эвакуация режаларини ишлаб чиқишга» чақирилади. Аввалроқ Давлат департаменти АҚШ фуқароларига Россияга саёҳат қилишдан бош тортиш тавсиясини берган эди, бироқ ҳозиргача у ерда бўлган америкаликларни Украинадаги америкаликлар сингари мамлакатни тарк этишга чақириқлар бўлмаган.

Қўшма Штатлар раҳбарияти разведка маълумотларига таянган ҳолда, Россия президенти Владимир Путин аллақачон Украинага қуролли ҳужум қилишга қарор қилган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Вашингтон уни дипломатия йўлини танлашга ишонтиришга ҳали ҳам умид қилишларини таъкидлайди.

Якшанба куни Оқ уйда президент Жо Байден, Давлат котиби ва Мудофаа вазири иштирокида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Украина атрофидаги вазият муҳокама қилинди.

Сўнгги кунларда АҚШ ва Буюк Британия Россия тез орада Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Россия эса буни ҳар сафар рад этади.

Шу билан бирга, якшанба куни АҚШ расмийлари Россияга босқиндан олдин санкциялар қўйиш кўриб чиқилмаслигини яна бир бор таъкидладилар.

«Санкциялардан мақсад, биринчи навбатда, Россияни урушга киришига йўл қўймасликдир. Уларни жорий қилганингиздан сўнг, бу тўхтатувчи таъсир йўқолади», — деди Давлат котиби Энтони Блинкен.

XS
SM
MD
LG