Ссылки доступа

OCCRP Тожикистон расмийси Қосим Роҳбарга тегишли 9 миллион доллардан ортиқ Швейцариядаги ҳисоб рақамини топди


Косим Рохбар (Косим Косимов)
Косим Рохбар (Косим Косимов)

OCCRP – Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази терговчилари Сўғд вилоятининг собиқ раиси, собиқ Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазири Қосим Роҳбар (Қосим Қосимов) номига Швейцария банкида ҳисоб рақами борлигини аниқлади.

Терговчиларга кўра, 2004 йилдан 2011 йилгача бўлган даврда банк ҳисобварағида 8 миллион 883 минг 230 Швейцария франки (9,642,458 доллар) сақланган. Юқори мансабдор шахсга ушбу маблағларнинг келиб тушиш манбаси номаълум.

Қонунга кўра, тожик амалдорларига мамлакат ташқарисида пул сақлаш ва мулк сотиб олиш тақиқланган.

Озоди радиосининг Қосим Роҳбардан изоҳ олишга уринишлари натижа бермади.

OCCRP терговчилари Қосим Роҳбарни Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга яқин бўлган амалдор сифатида аниқладилар, у бир муддат Тожикистоннинг икки асосий экспортидан бири — алюминий ва пахта сотилишини назорат қилган.

Хабарда айтилишича, 2008 йилда америкалик дипломатларнинг ёзишмаларида Қосим Роҳбар «ўтмиши шубҳали шахс» деб аталган.

Қосим Роҳбар (Қосим Қосимов) 58 ёшда. У жорий йилнинг январь ойида эса Ҳисор шаҳрига раис этиб тайинланган эди. Бунгача Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тожикистон маҳаллий тараққиёт қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Қосим Роҳбар 1994 йилдан 1996 йилгача Хўжанд вилояти раиси бўлган. 1996 йилда, президентлик сайловларидан икки йил ўтиб, Имомали Раҳмонни қўллаб-қувватлаган ҳолда, у Ленинобод (2000 йил февралдан — Сўғд) вилоятига раис этиб тайинланган.

2008 йилдан 2015 йил 10 мартигача Қосим Роҳбар Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқарган. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ҳукуматининг 2013 йил учун якуний йиғилишида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари Қосим Роҳбар президентга рекорд даражадаги 1 миллион тоннадан ортиқ картошка ҳосили ҳақида ҳисобот берган эди. Икки ой ўтгач, бозорларда маҳаллий картошка нархи ошди ва бир оз вақт ўтгач, «маҳаллий картошка» деярли йўқолди ва бозорларни Покистондан келган картошка эгаллади.

XS
SM
MD
LG