Ссылки доступа

Қирғизистон ўз фуқароларини Россияда ишга жойлаштириш учун миграция маркази ташкил этишни таклиф қилмоқда


Россия томонига Қирғизистонда миграция марказини очиш таклиф қилинди. Жогорку Кенеш матбуот хизматининг хабар беришича, бундай таклифни спикер Талант Мамитов Москвада Давлат думаси раиси Вячеслав Володин билан учрашувда билдирган.

Қайд этилишича, томонлар Евросиё интеграциясини ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Қирғизистон парламенти спикери янги қонун муносабати билан Россиядаги қирғизистонлик муҳожирларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида ҳам саволлар берди ва мослашиш даврида Қирғизистондан келган меҳнат муҳожирлари учун янги қоидаларни қирғизларнинг аъзолигини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқишни сўради.

«Шунингдек, биз Россия томонидан келгусида Қирғизистон томони кўмагида мамлакатда Россия миграция марказини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни сўраймиз», — деди Талант Мамитов.

Парламент матбуот хизматининг хабар беришича, бу таклифга Вячеслав Володин томонидан ижобий жавоб берилган. Унинг қўшимча қилишича, бу масала ишлаб чиқилиб, Россия Федерацияси ҳукуматига юборилади.

2021 йил 29 декабрдан бошлаб Россияга ишлаш учун келаётган чет эл фуқаролари, шу жумладан қирғизистонликлар ҳам 30 кун ичида тиббий кўрикдан ўтиши ҳамда бармоқ изини давлат рўйхатидан ўтказиш ва суратга олиш тартиб-қоидаларидан ўтиши шарт. Тиббий кўрик доирасида чет эл фуқаролари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиш, шунингдек, юқумли касалликлар мавжудлиги текширилади.

Аввалроқ Жогорку Кенеш депутатлари қирғизистонлик муҳожирларнинг Россиядаги ҳуқуқлари ва уларнинг Россия Федерациясида бўлиш қоидаларининг мураккаблашиши масаласини кўтариб, бу масалани икки давлат раҳбарлари даражасида муҳокама қилишни таклиф қилган эди.

Охирги расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг 1 миллион 118 минг фуқароси хорижий давлатларда меҳнат қилади, улардан бир миллиони Россияда.

XS
SM
MD
LG