Ссылки доступа

Қозоғистон ИИВ январь воқеалари бўйича: 52 киши судланиб, 107 та иш айблов хулосаси билан якунланди


Терговчилар январь воқеалари бўйича айблов хулосаси билан 107 та жиноий ишни якунладилар, деди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги вакили 21 февраль куни Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда.

Ишларнинг асосий қисми, бошқарма маълумотларига кўра, «ўғирлик», «қуролни ноқонуний сақлаш ёки ўғирлаш» фактларига тўғри келади.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи Санжар Одиловнинг айтишича, «судгача бўлган терговни сифатли олиб бориш ва уни тезлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда». Унга кўра, бугунги кунга қадар 86 нафар судланувчи судга тортилган, 52 нафар шахс суд томонидан ҳукм қилинган.

Улардан 39 нафарига нисбатан эркинликни чеклаш жазоси, 13 нафарига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, икки нафар шахсга нисбатан иш «томонларнинг ярашуви» туфайли тугатилган. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Санжар Одилов суд жараёнлари қачон ва қайси шаҳарларда ўтганига аниқлик киритмади. Журналистларга эса савол бериш имконияти берилмади.

Бугунги кунда ИИВ маълумотларига кўра, 2729 та жиноят иши мавжуд бўлиб, улар бўйича 250 нафар шахс ҳибсга олинган, 140 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган профилактика чоралари қўлланилган.

Жиноят ишлари бўйича, Ички ишлар вазирлиги ҳисоботига кўра, бир ярим мингдан ортиқ жисмоний (фуқаролар ва якка тартибдаги тадбиркорлар) ва юридик шахслар (корхоналар ва давлат органлари) жабрланувчи деб топилган, 12 мингдан ортиқ фуқаро сўроқ қилинган, икки мингдан ортиқ суд ва турли экспертизалар тайинланди.

Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 21 февраль ҳолатига кўра, январь воқеалари бўйича суд санкцияси билан 469 киши ҳибсга олинган. 46 таси «террорчилик акти» ва 45 таси «оммавий тартибсизликлар» бўйича тергов қилинмоқда.

21 февраль куни Олмаота суди Олмаота вилоятининг икки фуқароси «қурол ўғирлаш ёки товламачилик»да айбланиб, ҳар бири беш йилга озодликдан маҳрум қилгани маълум бўлди.

Расмий маълумотларга кўра, январь воқеаларида камида 227 киши ҳалок бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳалок бўлганларнинг исм-шарифларини оммага ошкор этиш ва ўлим ҳолатлари ҳақида маълумот беришга чақирганига қарамай, расмийлар ҳалок бўлганларнинг исмларини ошкор қилмаяпти.

Январь ойи бошида мамлакат ғарбида газ нархининг кўтарилиши сабаб бошланган норозилик намойишлари бошқа вилоятларга тарқалиб, қатор шаҳарларда погром ва қон тўкилишига айланган эди. Қозоғистон расмийлари «давлат тўнтариши»га уриниш ҳақида эълон қилиб, ўз баёнотларида «ташқи кучлар» ва «жангарилар»га қайта-қайта ишора қилган, аммо ишончли далиллар келтирмаган.

Январь воқеалари пайтида ва ундан кейин минглаб одамлар қўлга олинди, юзлаб одамлар терроризм, тартибсизликлар, қурол ўғирлаш ва бошқа жиноятларда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Ҳибсга олинганларнинг аксарияти ҳибсда қийноққа солинганини айтди.

XS
SM
MD
LG