Ссылки доступа

Қозоғистонда январь воқеалари бўйича 18 нафар хорижлик ҳибсга олинди


Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Элвира Азимовага таяниб, «Хабар 24» давлат телеканалининг хабар беришича, 18 нафар хорижлик январь воқеаларида иштирок этганликда гумон қилинмоқда.

Унинг сўзларига кўра, шу кунгача 14 нафар Ўзбекистон фуқароси, икки нафар Россия фуқароси ва икки нафар Қирғизистон фуқароси ҳибсда сақланмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон Бош прокуратураси январь воқеалари бўйича тергов доирасида икки хорижлик қўлга олинганини маълум қилганди. Ҳибсга олинганлар қайси давлат фуқаролари эканлигига аниқлик киритилмаган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Азимованинг айтишича, мурожаатлар келишда давом этмоқда. Шу кунгача у 80 та мурожаатни қайд этган. Уларнинг ярми маҳбусларга нисбатан қўпол муомала билан боғлиқ. Бу маълумотларнинг барчаси, дейди омбудсман, прокуратурага топширилади.

Азимова, шунингдек, қийноқлар остида олинган айбларга иқрорлик ва баёнотлар ноқонуний эканлигини эслатди. Унинг сўзларига кўра, ноқонуний тергов усуллари бўйича жами 191 жиноий иш очилган. Унинг қўшимча қилишича, ҳуқуқ ҳимоячилари терговчилар устидан тушган ҳар бир шикоят суд жараёни бошланишидан олдин кўриб чиқилишини талаб қилади.

Январь ойи бошида мамлакат ғарбида газ нархининг кўтарилиши сабаб бошланган норозилик намойишлари бошқа вилоятларга тарқалиб, қатор шаҳарларда погром ва қон тўкилишига айланган эди.

Январь воқеалари пайтида ва ундан кейин минглаб одамлар қўлга олинди. Юзлаб одамлар терроризм, тартибсизликлар, қурол ўғирлаш ва бошқа жиноятларда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Ҳибсга олинганларнинг аксарияти ҳибсда қийноққа солинганини айтди.

Ҳукумат ҳуқуқ ҳимоячиларининг январь воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги чақириқларини рад этди.

XS
SM
MD
LG