“Ушбу хабарга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонаси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари, улар сақланаётган жойлар, жавобгарликка тортилиш сабаблари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун консуллик учрашувини ташкил этишни сўраб тегишли нота юборди”,-дейилади Ташқи ишлар вазирлиги 22 февралда тарқатган билдирувида.
Аввалроқ Озодлик радиоси Қозоғистон Омбудсмени Эльвира Азимова Қозоғистондаги январь воқеаларида оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланган 18 нафар чет эл фуқароси ҳибсда сақланаётгани тўғрисида маълумот берганини ёзган эди. Омбудсменнинг айтишича, хорижликларнинг 14 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Россия ва 2 нафари Қирғизистон фуқаросидир.
Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда қўлга олинган ўзбекистонликлар масаласида нота жўнатди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон омбудсмени январь воқеаларидаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланган 14 нафар ўзбекистонлик қамоқда сақланаётгани тўғрисида баёнот бергани ортидан қўшни давлатга нота жўнатди.