Ссылки доступа

БМТ баъзи ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини Украинадан вақтинчалик олиб чиқади


Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Россиянинг босқинидан хавотир кучаяётган бир пайтда ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг бир қисмини Украинадан кўчираётганини маълум қилди.

22 февраль куни БМТ матбуот котиби Алессандра Велуччи журналистларга ташкилот Украинада, хусусан, мамлакат шарқидаги фаолликни давом эттириш ниятида эканини айтди.

«Биз тўлиқ қувват билан ишлашда давом этамиз», деди у. Бироқ, Велуччининг сўзларига кўра, вазиятнинг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда, ташкилот ёрдамчи ходимларга оилалари билан бирга мамлакатни вақтинча тарк этишга рухсат берди.

Бир кун аввал Россия президенти Владимир Путин аввалига Россия «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини тан олганини, кейин эса Украина шарқидаги сепаратистлар назоратидаги ушбу ҳудудларга Россия қўшинлари киритилишини эълон қилди. БМТ Бош котиби ва Ғарб давлатлари Москванинг бу қадамларини қоралади.

Велуччининг сўзларига кўра, БМТнинг Украинадаги ходимлари 1500 га яқин кишидан иборат. Улардан 149 нафари халқаро ишчилар, 100 га яқин ходим мамлакат шарқидаги сепаратистлар назоратидаги ҳудудларда жойлашган.

Ўз навбатида, Россия яқин орада Украинадаги элчихона ва бош консуллик ходимларини эвакуация қилади, деб хабар қилди Россия ТИВ. Агентлик баёнотида айтилишича, 2014 йилдан бери Россиянинг Киевдаги элчихонаси ҳамда Одесса, Лвов ва Харковдаги бош консулликлари бир неча бор ҳужумга учраган.

«Ҳозирги шароитда россиялик дипломатлар, элчихона ва бош консуллик ходимларига ғамхўрлик қилиш бизнинг биринчи устувор вазифамиздир. Уларнинг ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун Россия раҳбарияти Украинадаги РФ хорижий ваколатхоналари ходимларини эвакуация қилишга қарор қилди ва бу яқин келажакда амалга оширилади», дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG