Ссылки доступа

Украина президенти захирадаги ҳарбийларни хизматга чақиришга оид фармон имзолади


Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский Донбасснинг бўлгинчилар назоратидаги ҳудудларига Россия қўшинлари киритилиши манзарасида Қуролли кучлар захирасидаги ҳарбийлар хизматга чақирилишини эълон қилди.

“Украина армияси ва бошқа ҳарбий тузилмаларини зудлик билан тўлиқ бут ҳолга келтиришимиз керак. Мен, олий бош қўмондон сифатида, захирадаги ҳарбийлар махсус муддатга хизматга чақирилиши ҳақида фармон чиқардим. Шуни таъкидламоқчиманки, фармон оператив захира кучларига мансуб фуқароларгагина тааллуқли”, деган Зеленский. У ялпи сафарбарликка ҳозирча зарурат йўқлигини қўшимча қилган.

Зеленскийга кўра, захирадаги ҳарбийлар Украина армиясининг барча муҳтамал ўзгаришларга шайлигини оширмоғи лозим.

Аввалроқ Владимир Зеленский Украина тинчлик тарафдори экани, бироқ агрессияга тайёр туриши лозимлигини айтган эди. Украина президентига кўра, Россия билан кенг кўламли уруш бошланган тақдирдагина мамлакат ҳарбий режимга ўтади.

21 февраль куни Россия президенти Владимир Путин дастлаб Россия “ДХР” ва “ЛХР” бўлгинчи республикалари мустақиллигини тан олгани, сўнгра Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар назорат қилаётган ҳудудларга Россия қўшинлари киритилишини эълон қилган. Қўшинларга “тинчликни сақлаш вазифаси”ни бажариш топширилган.

22 февраль куни Путин Россия “ДХР” ва “ЛХР”ни Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари чегараларида тан олганини айтган. Ҳолбуки мазкур вилоятларнинг катта қисми бўлгинчиларнинг эмас, балки Украина ҳукумати назорати остидадир.

XS
SM
MD
LG