Ссылки доступа

Россияда мигрантларнинг соғлиғи ҳақидаги тиббий маълумотноманинг амал қилиш муддати бир йилгача узайтирилди


«Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги хорижликларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритди. Тиббий маълумотномаларнинг амал қилиш муддати 1 йилгача узайтирилди», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аниқлик киритишича, зарур тиббий маълумотномалар ҳажми қисқартирилган. Хусусан, 13 ёшгача бўлган хорижий фуқаролар учун гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар борлигига кимёвий-токсикологик тадқиқот ўтказиш истисно қилинган. Коронавирус ҳам юқумли касалликлар рўйхатидан чиқарилди.

Тиббий кўрикдан ўтказишнинг янги тартиби 2022 йил 1 мартдан кучга киради, дейилади вазирлик хабарида.

2021 йилнинг 1 июлида Россия президенти Владимир Путин барча хорижликларни уч ойдан ортиқ муддатга Россияга киришда бармоқ изларини олиш, шунингдек, хавфли касалликлар йўқлигини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиш мажбуриятини берувчи қонунни имзолади.

Ушбу процедураларнинг барчаси чет эл фуқароси томонидан Россия Федерациясига кирган кундан бошлаб 90 кун ичида бажарилиши керак. Ишга келган чет элликлар буни 30 кун ичида бажаришлари лозим.

Шу билан бирга, Москва яқинидаги Сахаровдаги кўп функцияли миграция марказида янги қоидалари туфайли турнақатор навбатлар пайдо бўлди, деб ёзади Медиазона.

«Тонг жаҳони» муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Валентина Чупикнинг “Медиазона«га айтишича, мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш ва бармоқ изларини олиш муҳожирлар устидан назоратни ва Россияни ташриф буюрувчилардан ҳимоя қилиш бўйича фаолликни оширишга уринишдир.

Қирғизистон Россия Федерациясига киришнинг янги қоидаларидан норозилигини аллақачон билдирган ва Россия ТИВга ЕОИИга аъзо давлатлар фуқаролари учун алоҳида йўлак очиш талаби билан норозилик нотасини юборган.

XS
SM
MD
LG