Ссылки доступа

Қирғизистон президенти Украина шарқидаги вазиятга изоҳ берди


Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 22 февраль куни ўзининг Фейсбук ва Инстаграмдаги саҳифаларида хабар қолдириб, Украина шарқидаги вазиятга изоҳ берди.

Хусусан, у вазият ривожини «хавотир ва чуқур ташвиш билан» кузатаётганини ва нималар бўлаётганидан доимо хабардор бўлиб туришини таъкидлади.

Шу билан бирга, у «ҚР доимо БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланган можарони ҳал қилиш бўйича ягона ҳужжат бўлган Минск келишувларига риоя қилиш заруратидан келиб чиқишини» таъкидлади. «Афсуски, келишув талаблари бажарилмаганлиги ҳозирги мураккаб вазиятга олиб келди», деди Қирғизистон раҳбари ва «Мен юзага келган вазиятни фақат тинч дипломатик йўл билан ва музокаралар столи ўртасида тартибга солиш зарурлигига аминман», деди.

Шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси Президенти «вазиятни ҳал қилишда можаронинг янада кучайишига йўл қўймаслик учун максимал даражада эҳтиёткорлик ва вазминликни сақлашга» чақирди. «Эҳтимол, бу кўп сонли Россия фуқаролари истиқомат қиладиган Донбасснинг тинч аҳолисини ҳимоя қилишга қаратилган мажбурий чора бўлгандир. Қайд этишни истардимки, у ёки бу давлатни тан олиш ҳар қандай давлатнинг суверен ҳуқуқидир», — дея хулоса қилди Садир Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, 21 февралдан 22 февралга ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин биринчи марта Украина шарқидаги ўзини-ўзи «ДХР» (Донецк Халқ Республикаси) ва «ЛХР» (Луганск Халқ Республикаси) деб эълон қилган сепаратистик тузилмаларнинг мустақиллигини тан олганини ва у ерга рус қўшинларини киритишини эълон қилган эди. БМТ Бош котиби ва Ғарб давлатлари Москванинг бу қадамларини қоралади.

XS
SM
MD
LG