Ссылки доступа

Ўзбек расмийлари Кобулда Толибон вакиллари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди


Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида Ўзбекистон расмий делегациясининг Толибон шакллантирган ҳукумат вакиллари билан кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда маълумот тарқатган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мазкур йиғилиш қайси куни ўтказилганига аниқлик киритмаган.

Вазирлик қайдича, Кобулдаги учрашувда ўзбек делегациясига инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Толибон делегациясига эса “муваққат ҳукумат раҳбарининг ўринбосари Абдул Ғани Бародар” бошчилик қилган.

“Учрашув чоғида томонлар инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбек-афғон ҳамкорлигининг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашди”, дейилган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарномасида.

Толибон вакиллари Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани тиклаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот беришган.

Тадбирда "Термиз - Мозори-Шариф - Кобул - Пешавор" транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган, томонлар лойиҳага оид барча масалаларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканларини билдиришган.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ширкатларини Афғонистондаги инфратузилмани қуриш ва тиклаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва табиий ресурсларни қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этишга жалб қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилган.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари яқин орада ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва икки давлат ҳудудлари орқали транзитни кўпайтириш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олишган.

XS
SM
MD
LG