Ссылки доступа

Тошкентдаги “1999 йил 16 февраль портлашида иштирок этган”и иддао қилинган шахс 20 йилга қамалди


Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 2022 йилнинг 23 февраль куни 1999 йил 16 февраль ва 30 март куни Тошкентда амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларига алоқадор бўлганликда гумонланган Ж. Ю., га нисбатан ҳукм ўқилди.

1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Ж. Ю., суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161-моддаси (қўпорувчилик), 164-моддаси (босқинчилик), 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 242-моддаси (жиноий уюшма ташкил этиш) ҳамда 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унга узил-кесил ўташ учун 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўтган йилнинг 30 сентябрида ДХХ 23 йилдан буён қидирувда бўлган Ж. Ю., хориж мамлакатларидан бирида қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинганини билдирган эди. Бироқ ДХХ билдирувида у айнан қайси давлатда қўлга олингани айтилган эмас.

XS
SM
MD
LG