Зеленский АҚШ президенти Жо Байден, Германия канцлери Олаф Шолс, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва бошқа Ғарб етакчиларига твиттерда ёзиб, Путинни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
«Путинни, Украина ва дунёга қарши урушни зудлик билан тўхтатишга чақираман. Биз Путинга қарши коалиция тузмоқдамиз. Дарҳол санкциялар, Украина учун мудофаа ва молиявий ёрдам зарур. Ҳаво кенгликларини ёпамиз. Дунё Россияни тинчликка мажбурлаши керак», деб ёзган Зеленский.
Аввалроқ Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти бошланиши муносабати билан Жо Байден, Борис Жонсон ва НАТО бош котиби Енс Столтенберг баёнот берган эди. Байденнинг таъкидлашича, Украинага ҳужум олиб келадиган вайронагарчилик учун фақат Россия жавобгардир. Борис Жонсон Путин «қон тўкиш ва вайронагарчилик йўлини танлашини» таъкидлаб, Британия ва иттифоқчилардан қатъий жавоб беришга ваъда берди. Столтенберг Россияни «ўйламасдан ва сабабсиз ҳужум»ни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
24 февраль куни эрталаб Владимир Путин Донбассда «минтақа аҳолисини геноциддан ҳимоя қилиш» учун махсус ҳарбий операция бошланганини маълум қилди. У украиналик ҳарбий хизматчиларга мурожаат қилиб, қуролларини ташлашга чақирди. Унинг нутқи билан бир вақтда украиналик журналистлар Киев, Харков, Одесса, Краматорск, Бердянск ва бошқа шаҳарлардаги портлашлар ва ракеталардан фойдаланиш ҳақида хабар бера бошладилар. Гувоҳлар, шунингдек, Донбасда россияпарастлар томонидан кучли ўққа тутилгани ва бутун Украина бўйлаб ҳарбий объектларга ҳужум қилингани ҳақида хабар бермоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский бутун Украина бўйлаб ҳарбий ҳолат эълон қилди. У Россия Украина ҳарбий ва чегара инфратузилмасига зарба берганини тасдиқлади.