Ссылки доступа

Қозоғистон Сенати спикери: Россия бизга ёрдам сўраб мурожаат қилмади


Қозоғистон парламенти сенати раиси Маулен Ашимбаев Россия Қозоғистонга ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилмаганини айтди.

Бу ҳақда Ашимбаев журналистларнинг Сенат мажлиси чоғида Қозоғистон Россия сўраса, Украина ҳудудига ўз қўшинларини жўнатадими ёки йўқми деган саволига жавоб берди.

– Икки томонлама формат доирасида Россия биз билан боғланмади ва ўйлайманки, биз билан боғланмайди ҳам, – деди Сенат раиси.

Спикер можаро зонасига қозоқ тинчликпарвар кучларини юбориш мумкинми, деган саволга ҳам жавоб берди. «Бу ерда бизнинг позициямиз аниқ: низомга мувофиқ, Қозоғистон БМТ мандатига мувофиқ тинчликпарвар кучларимизни КХШТ давлатлари ҳудудидан ташқарига жўнатиши мумкин. КХШТ давлатларининг тинчликпарвар кучлари фақат иштирокчи давлатлар ҳудудида қўлланилиши мумкин. Можаро зонаси иштирокчи давлатлар ҳудудига киритилмаган», — деди парламент сенати спикери.

Ашимбаев, шунингдек, «Агар БМТ даражасида қарор қабул қилинса ва бошқа давлатлар уни қўллаб-қувватласа, у ҳолда БМТ мандати остида Қозоғистон дунёнинг исталган нуқтасига тинчликпарвар кучларини юбориши мумкин», деб таъкидлади.

24 февраль куни эрталаб Украинада содир бўлаётган воқеалар ҳақида гапирар экан, Сенат спикери «вазият кескинлашганини, кескинлашувнинг янги даражасига кўтарилганини» айтди. «Менимча, бу жуда мураккаб можаро. Биз ҳарбий қарама-қаршиликларни, санкциялар урушларини кўрмоқдамиз. Менимча, бу ҳарбий можарони ҳозир Украина ҳудудида кўряпмиз», — деди Ашимбаев.

Унинг қўшимча қилишича, «бу инқирозни дипломатик йўл билан ҳал қилиш учун ҳали ҳам имконият бор» ва Қозоғистон «можарони тинч йўл билан ҳал қилишдан манфаатдор».

Ашимбаев, шунингдек, «барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда музокаралар олиб бориш зарурлигини» айтди. Бу музокаралар, Қозоғистон Сенати спикерининг фикрича, БМТ Низоми асосида энг самарали олиб борилмоқда.

24 февраль куни эрта тонгда Россия президенти Владимир Путин Украинани «демилитаризация» бўйича «махсус операция» бошланганини эълон қилди. Россия президентининг баёноти телевидение орқали намойиш этилгандан сўнг дарҳол Харков, Киев, Краматорск, Одессада портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Бир кун аввал ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган гуруҳлар раҳбарлари Россия президентидан Украина Қуролли кучлари томонидан ўзлари атаган тажовузни қайтаришда ёрдам беришни сўрагани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Икки кун олдин Путин Украина шарқидаги сепаратистик тузилмаларни тан олди ва Киев Минск келишувларини бажаришдан бош тортишини эълон қилди. Шундан сўнг Федерация Кенгаши Россия қуролли кучларини минтақада қўллашга рухсат берди.

Украина президенти Владимир Зеленский бугун Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг бутун Украина бўйлаб ҳарбий ҳолат жорий этилганини маълум қилди. АҚШ президенти Жо Байден Украинага қарши сабабсиз ва асоссиз ҳужум ҳақида махсус баёнот берди. НАТО раҳбари Украинага қилинган ҳужумни қоралаб, Россияни «ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ҳамда Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга» чақирди.

XS
SM
MD
LG