Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз фуқароларини Украинадан эвакуация қилишга ҳозирлик кўрмоқда


Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси вазиятнинг кескинлашуви ва мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилиши муносабати билан Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқароларни эвакуация қилиш режаси ва рўйхатини ишлаб чиқмоқда, деб хабар қилди дипломатик миссия матбуот хизмати.

Ҳозирда Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини ҳисобга олган ҳолда мамлакатга келиш ва кетиш ҳудуди ишлаб чиқилмоқда. «Масалалар учинчи давлатларнинг манфаатдор хизматлари билан мақбул эвакуация йўналишлари бўйича келишилганлиги сабабли, Ўзбекистон фуқаролари элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади», — дейилади хабарда.

Украинани тарк этишни хоҳловчи барча Ўзбекистон фуқароларидан элчихонанинг embasy@uzbekistan.org.ua электрон манзилига паспорт маълумотларини юборишлари сўралади.

Қозоғистоннинг Украинадаги элчиси Дархан Калетаев Украина узра ёпиқ ҳаво ҳудуди шароитида қозоғистонликларни эвакуация қилиш режалари ҳақида гапирди.

Биз аэропорт қидирмоқдамиз.Air Astana самолётининг қўниш имкониятини аниқлаш керак. Беларус билан чегаралар ёпиқ. Молдова йўли Одесса орқали ўтадиган йўл туфайли хавфли. У ерларда уруш кетяпти. Энг хавфсиз йўл — Лвов шаҳри. Фуқароларга шу йўналишга боришни тавсия қиламиз. Кейин уларни Полша ёки Венгрияга олиб келишга ҳаракат қиламиз. Фуқароларнинг Европа давлатларига визаси йўқ, шунинг учун ҳаммаси қайси давлат бизга «яшил йўлак» беришига боғлиқ. Ҳозирча режа шу», — деди элчи.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг Киевдаги элчихонаси ўз ишини давом эттирмоқда, ҳозир бинода 30 га яқин ходим ишлайди. Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2 мингга яқин қозоғистонлик консуллик идораларида рўйхатга олинган.

24 февраль куни эрталаб Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадияров қозоғистонликларни эвакуация қилиш вариантларини излаш ҳақида маълум қилди.

Украинада яшовчи мухолифат фаоли Владимир Козлов Озодликка Киев яқинидаги вазият ҳақида гапирар экан, элчихона эвакуация режалари ҳақида хабар юборганини айтди, бироқ у маълумотлар тўлиқ эмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG