Ссылки доступа

Назарбоевнинг тўнғич қизи депутатлик ваколатини топширди


Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға парламент қуйи палатаси (мажилис) аъзолиги билан боғлиқ ваколатларини топширди. Бу ҳақда zakon.kz сайти хабар қилди.

Назарбоевага кўра, депутатликдан воз кечиш қарорига у бутун диққат-эътиборини ижтимоий, гуманитар, маданий ва хайрия фаолиятига қаратиш мақсадида келган. Собиқ депутат аёл ўз номзоди қўйилган Нур Отан партияси учун овоз берган қозоғистонликларнинг барчасига ҳамда мамлакат раҳбариятига унга билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирган.

Дариға Назарбоева Қозоғистондаги январь воқеаларини “фожиа” деб атаган ҳамда содир бўлган воқеаларни “диққат билан ва холис текшириш”га чақирган. Унга кўра, текширув якунида “айбдорлар адолатли жазога тортилиши, айбсизлар эса озод этилиши лозим”.

Жорий йилнинг 28 январь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўзи 23 йил бошқарган ҳукмрон партия (Нур Отан) раиси лавозимини тарк этган эди. Унинг ўрнига Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаев партияга раҳбар бўлган. Кейинроқ парламент Назарбоевнинг мамлакат сиёсатининг асосий йўналишларига аралашувини бекор қилувчи қонун қабул қилган. Айни пайтда Дариға Назарбоева “Нур Отан” партиясининг янгиланган сиёсий кенгаши таркибига кирмай қолган.

Январь воқеалари ортидан Қозоғистонда Назарбоевга алоқадор бир неча мулозим, жумладан собиқ президентнинг куёвлари ва жияни ўз лавозимидан маҳрум бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда январь воқеалари чоғида 225 киши нобуд бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG