ФФТ сайти хабарига кўра, Тожикистон терма жамоаси «Ф» гуруҳида Мянма (8 июнь), Сингапур (11 июнь) ва Қирғизистон (14 июнь) билан ўйнайди. Учрашувлар Бишкекда бир турдан иборат марказлаштирилган форматда ўтказилади.
«Тожикистон терма жамоаси 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнирида Қирғизистон ва Мянма терма жамоалари билан ўйнаган. Шу боис гуруҳимизга номдор рақиблар тўпланишди. Ҳеч қайси жамоа учун саралаш баҳслари осон кечмайди. Биз барча рақибларни ҳурмат қилишимиз ва июнь ойидаги саралаш баҳсларига пухта тайёргарлик кўришимиз керак. Мен жамоамизга ишонаман. Биз учун ҳозир вазифа битта — саралаш турнирига пухта тайёргарлик кўриш ва Осиё Кубоги—2023 финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиш. Ишончим комилки, Тожикистон учун биринчи марта Осиё Кубоги финалига йўлланмани қўлга кирита оламиз», — дейди Пётр Сегрт.
Эслатиб ўтамиз, 55 ёшли хорватиялик мутахассис Пётр Сегрт 27 январь куни Тожикистон футбол федерацияси Ижроия қўмитаси йиғилишида Тожикистон терма жамоасига мураббий этиб тасдиқланган эди.
Футбол бўйича 2023 йилги Осиё кубоги ёзда бўлиб ўтадиган Осиё Футбол Конфедерациясига аъзо мамлакатлар терма жамоалари ўртасидаги 18-футбол турниридир.
Эрон, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливан, Ироқ, Сурия, Саудия Арабистони, Япония, Австралия, Уммон, Ветнам, Хитой ва Қатар терма жамоалари 2023 йилги Осиё Кубоги финалига чиқишган.