«Биз, яқинда фожиали январь воқеаларининг даҳшатли кунларидан омон ўтган бирлашган кўп миллатли Қозоғистон халқи, ҳозир Кремлнинг Украинага қарши ҳарбий тажовузини хавотир ва алам билан кузатмоқдамиз», — дейилади фаолларнинг фикрини улашган олмаоталик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг Фейсбук саҳифасида. «Биз Украинанинг мустақиллиги ва суверенитети украин халқи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлган шубҳасиз ҳуқуқдир, деб ҳисоблаймиз. Биз бунга, шунингдек, Қозоғистон суверенитетини шунга ўхшаш ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш зарурлигига ишонамиз».
Мурожаатни ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Торегожина, журналистлар Ермурат Бапи, Карлигаш Еженова, “Казатомпром” собиқ раҳбари Мухтор Жакишев, Сауле Сулейменова, тадбиркор Марғулан Сейсембаев, фаоллар Арман Шураев, Тоғжан Кожалиева ва бошқалар имзолаган.
24 февралга ўтар кечаси Москва Украинага кенг кўламли босқинни бошлади. Босқиндан олдин Россия президенти Владимир Путин Донбассдаги Москва томонидан қўллаб-қувватланган «ДХР» ва «ЛХР» сепаратистик тузилмаларини тан олган эди. Путин «махсус ҳарбий операция» ҳақида эълон қилар экан, Москва Украинани босиб олишни мақсад қилмагани ва фақат ҳарбий инфратузилмага зарба беришини айтди.
Шу билан бирга, Украина расмийлари фуқаролик объектларига ҳам ҳужум қилинаётганини хабар қилмоқда. Тинч аҳоли орасида қурбонлар бор. Кеча тунда Киев яқинида ва пойтахтнинг ўзида жанглар бўлиб ўтди. 26 февраль куни Киевдаги кўп қаватли уйга ракета келиб тушди, бино зарар кўрди. Расмийларга кўра, ҳалок бўлганлар йўқ, бироқ жароҳатланганлар бор.