Ссылки доступа

ЕИ Киев сўровига кўра Украинага жанговар қирувчи учоқлар йўллайди


Европа Иттифоқи Украинага жанговар қирувчи учоқлар етказиб беради. Бу қарор, ЕИ бош дипломати Жозеп Боррелга кўра, Россиянинг қуруқлик ва ҳаводан ҳужумга қарши туриш учун украиналикларга ёрдам бериш тўғрисидаги Киев сўрови ортидан қабул қилинган.

ЕИ мулозими қайдича, Брюссель Украинани уруш олиб бориш учун жиддий воситалар билан таъминлашга тайёр.

Боррелга кўра, Москва 24 февралда бошланган ўз босқинидан кейин Украинани дастаклаган мамлакатларга ядровий ҳужум билан очиқ-ойдин таҳдид қилган, бироқ бу таҳдид Европа Иттифоқини Украинани қўллашдан тўхтатолмайди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ЕИ раҳбариятига мурожаат қила туриб, ўз мамлакати украиналик учувчилар бошқара олиши мумкин бўлган жанговар қирувчи учоқларга муҳтожлигини қайд этган эди. Шу муносабат билан “Немис тўлқини” Украина Қуролли кучлари тасарруфида икки хил қирувчи учоқ – совет замонида чиқарилган Су-27 ва МиГ-29 лар борлигини эслатган.

Якшанба кунги баёнотида Жозеп Боррель ЕИ номидан Россиянинг Украинага бостириб кириши Грузия, Молдова ва Ғарбий Болқонлар дохил қўшни мамлакатларга ҳам ёйилиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилган. “Биз бунинг бутун минтақада содир бўлиши мумкинлигидан ташвишдамиз”, дея қўшимча қилган европалик дипломат.

XS
SM
MD
LG