Ссылки доступа

Қозоғистон: Мустақил экологлар Ўзбекистонда АЭС қурилиши масаласида сўров ўтказишди


Қозоғистонлик эколог Дмитрий Калмиков
Қозоғистонлик эколог Дмитрий Калмиков

“Қарағанда вилояти экология музейи” жамоат ташкилоти экологлари Ўзбекистон Қозоғистон билан чегара яқинида атом электр станцияси қуришни режалаётгани муносабати билан қозоғистонликлар орасида ўтказилган электрон сўров натижаларини эълон қилди.

Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати эколог Дмитрий Калмиковдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Сўровда фуқароларга 11 саволга жавоб бериш таклиф этилган, унда бир неча юз киши иштирок этгани айтилмоқда.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг ярмидан кўпроғи Ўзбекистон Қозоғистон чегараси яқинида АЭС қуришни режалаётганини билмаган. Билувчиларнинг аксарияти бундан расмий манбалар орқали эмас, балки ижтимоий тармоқлар орқали хабар топгани маълум бўлган.

Сўров иштирокчиларининг қарийб 90 фоизи АЭС қурилишига қарши чиққан. Яна тахминан шунча респондент Ўзбекистон атом станциясининг хавфсиз ишлашини кафолатлай олмайди, деб ҳисоблайди. Сўралганларнинг аксарияти АЭС қурилиши масаласида умумхалқ референдуми ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирган. 11 фоиздан кўпроқ киши АЭС қурилишини маъқуллаган.

Қўшни мамлакатда қурилажак АЭСнинг Қозоғистон учун фойдаси ҳақидаги саволга сўралганларнинг ярмидан кўпроғи “бунда ҳеч қандай фойда кўрмаяпман”, деб жавоб берган. Ўзбекистонда АЭС қуриш масаласини муҳокама қилиш чоғида Қозоғистон фикри инобатга олиниши керак ёки йўқлиги сўралганда эса мутлақо кўпчилик “ҳа”, дея жавоб берган.

Сўралганларнинг 18 фоиздан ортиғи атом энергетикасини ривожлантириш зарур деб ҳисоблайди, 62 фоиздан кўпроқ киши бунга қарши чиққан, 19 фоиздан зиёд респондент “бу ҳақда ўйлаб кўрмаган”ини айтган.

Экологлар сўров натижаларини ҳукуматга ва президент администрациясига юборишмоқчи.

XS
SM
MD
LG