Ссылки доступа

Қозоғистоннинг ҳукмрон «Нур Отан» партияси номини “Аманат” деб ўзгартириш таклиф қилинди. Тоқаев рози бўлди


Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) спикери Ерлан Кошанов ҳукмрон «Нур Отан» партиясининг номини “Аманат” (Омонат) деб ўзгартиришни таклиф қилди. Таклифни мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев қўллаб-қувватлади. Таклиф партиянинг навбатдан ташқари қурултойида муҳокама қилинади.

«Мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлар марказида партиямиз турибди. Очиғини айтганда, мамлакат билан бирга партия ҳам янгиланиши керак. Ташкилот фаолиятини янгича мазмун билан тўлдириш учун зарур ўзгаришларни амалга ошириш керак. Шу муносабат билан биз партиянинг моҳияти ва номини ўзгартиришни тўғри деб ҳисоблаймиз. Биз Қозоғистоннинг ҳукмрон партиясини ота-боболаримизга ҳурмат сифатида “Аманат” деб аташ керак, деб ҳисоблаймиз. Бугунги қурултойда партия номини ўзгартиришни таклиф қиламиз», — дея таклиф қилди Кошанов.

“Аманат” сўзи аждодлар васиятномаси, «келажак авлодларга берилган омонат» маъносини англатади.

«Нур Отан» (таржимаси «Ватан нури») — Қозоғистоннинг ҳукмрон партияси. У 1999 йилда мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан «Отан» партияси сифатида ташкил этилган. Партия ташкил этилганидан бери унга Назарбоев раҳбарлик қилиб келади. 28 январь куни мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари фонида Тоқаев ҳукмрон «Нур Отан» партияси раислигини эгаллади. Назарбоевнинг қизи Дариға партия сиёсий кенгашининг янги таркибига киритилмаган. Февраль ойи бошида ҳукмрон «Нур Отан» партияси раисининг биринчи ўринбосари Бауржан Байбек истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди. Сиёсатчининг фикрича, партия олдида «янгича ёндашув ва қарашларни талаб қилувчи мутлақо янги вазифалар» турибди.

XS
SM
MD
LG