Ссылки доступа

Украина президенти Қирғизистондаги элчисини Киевга маслаҳатлашувларга чақирди


Украина Қирғизистондаги элчиси Валерий Жовтенкони маслаҳатлашувга чақирди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Фейсбукда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бунга «Украинага қарши тажовузни оқлаш» сабаб бўлган. Гап Қирғизистон раҳбариятининг позицияси ҳақида бормоқда.

Украина Грузиядаги элчисини ҳам Украинага ёрдам бермоқчи бўлган кўнгиллиларга тўсқинлик қилгани ва санкцияларга нисбатан ахлоқсиз позицияси учун чақириб олади.

Қирғизистон Республикаси раҳбарияти Россиянинг Украинага бостириб кириши бўйича ўз позициясини расман билдирмаган. Аммо 26 февраль куни давлат назоратидаги Россия агентлиги РИА Новости сайтида «Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатда Россия Федерациясининг Донбасс тинч аҳолисини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди».

Аммо Қирғизистон президенти сайтида эълон қилинган Жапаров ва Путин ўртасидаги телефон суҳбати ҳақидаги пресс-релизда суҳбат бошқача талқин қилинган. Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбарлари «халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Украина атрофидаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашган».

Қирғизистон Республикаси Президенти матбуот котиби Эрбол Султонбоев 27 февраль куни Фейсбукда «Қирғизистон Республикаси томонларнинг тинчликка тезроқ эришишига умид қилмоқда» деган изоҳини эълон қилди. «Биз мавжуд вазият, жумладан, кейинги қурбонлар ва вайронагарчиликларнинг олдини олиш бўйича музокаралар йўли билан ҳал қилинишини олқишлаймиз», — деб ёзади Султонбаев.

27 февраль куни Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Руслан Казакбоев Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг онлайн учрашувида сўзлаган нутқида Қирғизистон Республикаси вазиятнинг ривожланишини хавотир билан кузатиб бораётганини маълум қилди.

Россия 2022 йил 24 февралда Украинага тўлиқ миқёсли босқинни бошлади. Украинанинг турли минтақаларида, жумладан Киевдан бир неча километр узоқликда Россия армияси ва Украина Қуролли кучлари ўртасида жанглар давом этмоқда. Икки томондан ўлганларнинг аниқ сони маълум эмас.

XS
SM
MD
LG