Ссылки доступа

Фармацевтика иттифоқи: Қирғизистон дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг 60 фоизини Россия ва Украинадан олади


2 март куни Қирғизистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алымқодир Бейшеналиев Қирғизистон фармацевтика иттифоқи билан мамлакатнинг дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот марказининг хабар беришича, суҳбат чоғида фармацевтика компаниялари вакиллари дунёда, хусусан, Россия ва Украинадаги мавжуд инқирозли вазиятдан ўз хавотирларини билдиришган.

Жумладан, Фармацевтика уюшмаси раҳбари Эрнис Асанов Қирғизистонга дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан дори-дармон ва тиббиёт буюмлари импорт қилинаётганини, Россия ва Украинадан етказиб берилаётган маҳсулотлар улуши қарийб 60 фоизни ташкил этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу икки давлат ўртасидаги мавжуд вазият туфайли Украинада берилган барча буюртмалар бекор қилинган, етказиб беришни қайта тиклаш имконияти сўроқ остида қолмоқда.

Россия ишлаб чиқарувчилари, дейди у, рубль курсининг беқарорлиги сабабли, номаълум муддатга товарларни жўнатишни тўхтатиб қўйган. Бундан ташқари, Эрнис Асанов «санкциялар туфайли кўплаб европалик ишлаб чиқарувчилар Россияга дори-дармон ва тиббиёт буюмларини етказиб беришни тўхтатиши мумкинлиги, бу муқаррар равишда россиялик ишлаб чиқарувчилар томонидан экспортни тўхтатишга ва уларнинг ички бозор эҳтиёжларини қоплашга йўналтирилишига олиб келишидан хавотир билдирди.»

Шу муносабат билан фармацевтика бизнеси вакиллари Соғлиқни сақлаш вазирлигига нархларни тартибга солиш бўйича тажриба лойиҳасини «жаҳон фармацевтика бозори барқарорлашгунга қадар, сўнгра реал нархлардан келиб чиққан ҳолда нарх қайта кўриб чиқилгунга қадар» тўхтатиб қўйишни таклиф қилишди.

Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазири Алымқодир Бейшеналиев ушбу масалани ўрганишга тайёрлигини маълум қилди ва мамлакат дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ тузишни топширди.

Ўтган ҳафта, 24 февралга ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Украинани “деницфикация ва демилитаризация» бўйича «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Шундан сўнг дарҳол Киев, Харков, Одесса, Краматорск, Бердянскда портлашлар ва ракета ҳужумлари ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Россия қўшинлари Украинанинг беш вилоятидаги чегарани кесиб ўтди.

Шу муносабат билан Украина расман Россия Федерацияси устидан Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилди ва Ғарб давлатлари Россияга қарши иқтисодий санкциялар қўллашни бошлади, бу эса жаҳон валюталарига нисбатан кескин тушиб кетган рубль курсига таъсир қилди.

XS
SM
MD
LG